АҚШ Покистонга 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдамни тўхтатади

Покистон ҳарбийлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Қўшма Штатлар Покистонга мўлжалланган 800 миллион долларлик ҳарбий ёрдамини тўхтатишини маълум қилди.

Оқ Уй маъмурияти бошлиғи Билл Дэйлей Эй-би-си телевидениесига "Покистон бизни ёрдамларимизни тўхтатиб туришга ундаган баъзи қадамларни ташлади," деб айтди.

Унинг сўзларига кўра, май ойида Усама Бин Лодинни ўлдириш бўйича ўтказилган амалиёт икки мамлакат алоқаларига таъсир кўрсатган.

Аммо Билл Дэйлей ушбу муносабатлар "вақт ўтиши билан ўнгланади," деб ишонтирган.

800 миллион доллар ёрдам Қўшма Штатлар томонидан Покистон хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар йили ажратиладиган маблағнинг тахминан учдан икки қисмига тенгдир, дейишади америкалик расмийлар.

Халқаро Валюта Жамғармасига ўтган йил кузида тақдим этилган рақамларга кўра, Покистоннинг 2010-2011 йилларда мудофаа соҳаси учун ажратажак маблағи 6,41 миллиард доллар деб кўрсатилган. Бу аввалги йилга нисбатан 1,27 миллиард доллар кўпроқдир.

"Қийинчиликлар"

Эй-би-си телевидениесининг "Шу Ҳафта" кўрсатувида гапирган жаноб Дэйлей Покистоннинг "терроризмга қарши урушда муҳим иттифоқчи" бўлганини эътироф этган.

"Улар кенг кўламли терроризм қурбони бўлишди," деб айтган Билл Дэйлей.

Унинг қўшимча қилишича: "Бу дунёнинг ўта қийин, мураккаб нуқтасидаги чигил муносабатлардир. Покистон сиёсий тизимида ҳалиям кўплаб оғриқли нуқталар борлиги аниқ".

"Ню Йорк Таймс" газетаси аввалроқ АҚШ юқори мулозимларига иқтибосан тўхтатилаётган ҳарбий ёрдамнинг Покистон хавфсизлигини таъминлаш учун АҚШ томонидан ажратиладиган йиллик ёрдамнинг учдан бирига тенг эканини маълум қилганди.

Газетанинг айтишича, мазкур қадам билан Қўшма Штатлар ўз ҳарбий мутахассисларининг Покистондан чиқариб юборилишидан дарғазаб бўлганини кўрсатиб қўймоқчи ва жангариларга қарши амалиётларни кучайтириш талаби билан Покистонга босимларини кучайтирмоқчи.

"Ню Йорк Таймс"нинг айтишича, тўхталаётган ҳарбий ёрдамнинг бир қисмига Покистонга ҳарбий тажҳизот юборилиши керак эди.

Вашингтондаги Би-би-си мухбири Ражеш Мирчанданининг айтишича, ҳарбий ёрдамнинг тўхтатилиши АҚШнинг Покистонга нисбатан сиёсати ўзгараётганига яққол мисол бўла олади.

Вашингтон ҳалиям Покистонни ал-Қоида ва Толибон жангчиларига қарши курашда муҳим мамлакат сифатида кўради.

Жангарилар Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош қабила минтақаларида бошпана топганлар.

Бироқ Бин Лодиннинг бир неча йил давомида Абботабад шаҳридаги Покистоннинг йирик ҳарбий базаси яқинида жон сақлагани аниқ бўлиши ортидан АҚШ Конгрессининг кўплаб вакиллари Покистонга берилаётган ҳарбий ёрдамлар кўламини савол остига олишди.

Исломободдаги Би-би-си мухбири Олим Мақбулга кўра, Покистондаги ҳарбий манбалар АҚШ ёрдамининг тўхтатилаётгани борасида ҳеч нарса эшитмаганини айтганлар.

Покистоннинг АҚШдаги собиқ элчиси, Малиҳа Лўдҳий Би-би-сига АҚШ қадами акс самара бериши мумкинлигини айтди.

"Вашингтонда Покистон армияси ва халқи устидан ҳеч қандай таъсир кучи қолмайди, чунки Америка ҳатти-ҳаракатлари Покистонни жазолашга қаратилган амал сифатида баҳоланиши мумкин," деб айтди Малиҳа Лўдҳий.