Тошбўрон орқали ўлим: Ҳадисда ёзилган бўлса, давом эттириш керакми?

Image caption Сиддиқа ва унинг севгилиси тошбўрон қилиб ўлдирилгани ёзилган видео кўпларни ларзага солди

Афғонистоннинг шимолидаги бир қишлоқда, офтоб чақнаб турган ёз кунида, 25 ёшар Сиддиқа тошбўрон қилиб ўлдирилди.

Ўтган йили август ойида Қундуз вилоятида ёзиб олингани ишонилган видео клипда мулла айбларни ўқиб эшиттиради. Қарор қабул қилинади. Сиддиқа белигача аввалдан қазилган чуқурга ўтқазилади.

Бу қишлоқ Толибон назорати остида. Сиддиқа мажбурлаб эрга узатилгач, турмуш қурган бошқа эркак билан қочиб кетгани учун эрига хиёнат қилишда айбланмоқда.

Атрофдаги эркак оломон унинг устига тошларни ёғдиради. Тош отаётганлар "Оллоҳу акбар" дея хитоб қилишади.

Юзлаб тошлар остида қолган Сиддиқанинг жони чиқмайди. Чуқурдан ўрмалаб чиқишга уринган Сиддиқанинг азобига Калашниковдан отилган учта ўқ якун ясайди.

Унинг ортидан севгилиси Ҳайём тиз чўктирилади ва тошбўрон қилиб ўлдирилади.

Бу видеотасвирлар дунё бўйлаб кўпларни, ҳатто расмий Кобулни ҳам ларзага солди.

Президент Ҳомид Карзай уни қоралаганига қарамай, ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортилгани йўқ.

Энди афғонистонлик Сиддиқанинг қисмати эронлик Сокина Муҳаммадий Аштиёнийни ҳам кутаётган бўлиши мумкин. Сокина севгилиси билан тил бириктириб, ўз эрини ўлдирганликда айбланган ва беш йил аввал Табриз маҳкамаси томонидан тошбўрон орқали ўлимга маҳкум этилган.

Ҳукм музлатилган

Сокина Аштиёний жаҳон матбуоти сарлавҳасига айланар экан, унинг тақдири ўтган йили Эрон ва қатор Ғарб ҳукуматлари ўртасидаги дипломатик тортишувларга сабаб бўлди.

Image caption Сокина Аштиёнийга қарши тошбўрон ҳукми кучда қолаётган бир пайтда жаҳон бўйлаб уни асраб қолиш чақириқлари кучайган

Бугунда тошбўрон усулига қарши қатор ташкилотлар, жумладан "Ҳамма учун бир қонун" гуруҳи 11 июлни "Тошбўронга қарши халқаро кураш куни" дея эълон қилиб, бу кунда одамларни Сокина Аштиёнийнинг озод этилиши талаби билан кўчаларга чиқишга ундаган.

"Ҳамма учун бир қонун" ташкилоти воизи Марям Намозий бу кампания билан Сокинанинг ва келажакда юз бериши мумкин бўлган тошбўрон ҳолларининг олдини олишига ишонади.

"Эронда исломий давлат ўрнатилганидан бери юзлаб одамлар тошбўрон қилиб ўлдирилган. Ҳозирнинг ўзида 25 киши бу жазонинг амалга оширилишини кутишмоқда. Аммо, Сокинанинг ишида, унинг фарзандлари жаҳондаги одамларга очиқ мактуб йўллашди ва оналарини сақлаб қолишни сўраб ялинишди. Унинг тошбўрон этилишига жуда оз қолганди, аммо халқаро кампания туфайли жазо тўхтатиб қўйилди," дейди у.

Ислом нима дейди?

Тошбўрон жазосига турмушидан ташқарида жинсий алоқага кирган эркак ва аёллар маҳкум этилади. Айбдор деб топилган одам, жинсига қараб кўкраги ё белигача, баъзи жойларда бўйнигача кўмилиши мумкин.

Сўнг уларга то жон бергунларича тош отилади. Эронда, мисол учун, шариат тош қанчалар катта ё кичик бўлишини ҳам белгилайди: айбдор узоқ омон қолмаслиги учун тошлар кичик бўлмаслиги ёки у тез жон бермаслиги учун жуда катта ҳам бўлмаслиги кераклиги таъкидланади.

Хўш, Ислом ўзи тошбўрон жазо усули борасида нима дейди?

Тошкентлик отин-ойи, Юнусобод тумани ҳокимиятига диний маслаҳтачи лавозимида бир неча йиллар ишлаган Раъно Икромова тошбўрон усули Қуръонда битилганини айтади, аммо бу усул айни дамда Исломнинг инсонга озор бермаслик қадриятларига қарши эканини урғулайди.

"Қуръоннинг Нисо сурасида шунақа ёзилганки, албатта хиёнат қилинган аёл, кечирилишга баҳона топиб кечирилса ҳам, лекин у дунёда кечирилмайди, шунинг учун уларни тошбўрон қилиш мумкин хиёнат қилган аёлларни. Лекин бугунда хиёнат қилган аёлларнинг жазосини бошқа йўл билан бериш керак. Тошбўронга мен қаршиман. Исломда жуда қаттиқ озор бериш мумкин эмас", дейди у.

Қуръон ва ҳадислар

Image caption Марям Намозий тошбўроннинг жазо усули тарзида буткул тўхтатилиши учун курашаётган инсон ҳақлари фаоли

Бироқ, Исломнинг ўзида тошбўрон орқали ўлим, яъни Ражм борасида қарама-қарши қарашлар мавжуд.

Қуръонда ражм ҳақида ҳеч нарса дейилмайди. Юқорида суҳбатдош тилган олган Нисо сурасида эса мана булар айтилган.

"15-оят: Аёлларингиздан зино қилганларига ўзларингиздан тўртта гувоҳ келтиринг. Агар гувоҳлик берсалар, уларни то ўлим етгунча ёки Оллоҳ бир йўл кўрсатгунча уйларида тутиб туринг."

"16-оят: Агар орангизда икки киши, аёл ва эркак, зино қилса, иккисини ҳам жазоланг. Агар улар тавба қилсалар ва тузалсалар, уларни тинч қўйинг. Албатта, Оллоҳ тавбани қабул этувчи ва энг раҳмли зотдир."

Марям Намозийга кўра, тошбўрон усули Қуръонда тилга олинган бўлмасада, шариат амал қилувчи мамлакатлар қонунчилигидан мустаҳкам ўрин олган.

"Тошбўрон усули Қуръонда йўқ дейдиган одамлар бор. Аммо, гап шундаки, шариат қонунлари фақат Қуръонга асосланмайди, балки Ҳадис, Сунна ва Исломий юриспруденциясига асосланади. Ҳадислардан бирида Муҳаммад тошбўронни қўллагани ҳақида айтилади. Айнан шу ҳадис тошбўрон қонунларига асос бўлиб келмоқда."

Дарҳақиқат, ҳадисларда Муҳаммад Пайғамбар ражмга буйруқ бергани айтилади.

Саҳиҳ ал-Бухорийнинг 4-жилди, 56-китоби, 829-ҳадисида шундай дейилади:

"Яҳудийлар Оллоҳ Расулининг олдига келдилар ва уларнинг орасидан бир эркак ва бир аёл ноқонуний жинсий алоқада бўлганини айтдилар. Оллоҳнинг Расули уларга деди, "Тавротда ар-Ражм қонуний жазоси борасида нима дейилган?" Улар жавоб бердилар, "Биз уларнинг жазосини эълон қиламиз ва дарралаймиз." Абдуллоҳ бин Салом деди, "Ёлғон гапираяпсиз, Тавротда Ражм буйруғи бор." Улар Тавротни олиб келиб очишди ва бири Ражм сурасини қўли билан ёпиб, ундан олдинги ва кейингиларини ўқиди. Абдуллоҳ бин Салом унга деди, "Қўлингни ол." У қўлини олганда, Ражм сураси ёзилган экан. Улар дедилар, "Муҳаммад ҳақиқатни айтди, Тавротда Ражм сураси бор." Пайғамбар сўнг (зино қилганлар)нинг иккови ҳам тошбўрон этиб ўлдирилишига буйруқ берди. Абдуллоҳ бин Умар деди, "Мен тошлардан ҳимоя этиб аёлнинг устига энгашиб олган эркакни кўрдим."

Ражм ҳақида яна бир маълумот Саҳиҳ ал-Бухорийнинг 9-жилди, 89-китоби, 303-ҳадисида бор:

"Бадавий келди ва деди, "Эй Оллоҳнинг Расули! Бизни Оллоҳнинг китобига кўра ҳукм эт." Унинг рақиби турди ва деди, "У тўғри айтмиш, бизни Оллоҳнинг қонунларига кўра ҳукм эт." Бадавий деди, "Менинг ўғлим бу кишининг қўлида мардикор эди ва унинг аёли билан зино қилди. Одамлар менга келиб дейишди, "Ўғлинг тошбўрон этиб ўлдирилади." Мен ўғлим ҳаёти учун юзта қўй ва бир қул қизни бериб, қутқариб олдим. Сўнг мен диний уламолардан сўрадим ва улар дедилар, "Ўғлингга юзта дарра урилар ва у бир йилга бадарға этилар." Пайғамбар деди, "Мен сизларни Оллоҳ китобига кўра ҳукм этаман! Қул қиз ва қўйларга келсак, улар сенга қайтарилади, ўғлингга юзта дарра урилади ва у бир йилга бадарға этилади. Эй, Унаис!" Пайғамбар сўнг бир кишига юзланди ва деди, "Тонгда бу кишининг аёли олдига боринг ва уни тошбўрон қилиб ўлдиринг". Шундай экан, Унаис эртасига аёлнинг олдига борди ва уни тошбўрон қилиб ўлдирди."

"Қийноқ амали"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Сокина Аштиёний Эрон давлат телевидениеси орқали узатилган лавҳада эрини ўлдирганига иқрор бўлади, бироқ унинг оиласи ва ҳимоячилари Сокина иқрорномага мажбурланганини айтишган

Баъзи танқидчилар бераётган савол: Ҳадисда битилган бўлса, тошбўрон жазо усулини шариат амал қилувчи мамлакатларда қўллашда давом этиш керакми?

Марям Намозийнинг фикрича, тошбўрон усулининг Исломий қонунларда битилгани бугунга келиб ҳеч нимани англатмайди.

"Бу жазо тури "нақадар исломий ёки исломий эмас" деган тортишувнинг ўзига ҳожат йўқ. Масала шундаки, тошбўрон усули бугун ҳам қўлланилмоқда ва одамлар унинг тўхтатилиши учун курашишлари керак."

Аммо, "Ҳамма учун бир қонун" гуруҳи нима учун айнан тошбўрон усулига қарши курашаяпти? Шариат амал қилувчи мамлакатларда инсоннинг қўли кесиб ташланиши, ёки дорга осилиши ҳоллари ҳам учрайди-ку. Ўлим жазоси ҳатто АҚШда ҳам қўлланилади.

"Биз барча исломий жазо турларига қаршимиз, жумладан қасддан жазо бериш, тана қисмларини кесиб ташлаш, бошини танасидан жудо қилиш ва бошқа қатл усуллари. Лекин, тошбўрон усули шунчалик жирканч ва шафқатсизки, жаҳон бўйлаб кўп сонли одамлар ундан даҳшатга тушаяптилар. Тошбўрон бу қийноқ амали. У одамзот ўта шафқатсиз йўлда қийноқ билан ўлишини англатади," дейди у.

Тошбўрон жазосига қарши кампания авж олмоқда. Интернетдаги Фейсбук ижтимоий мулоқот сайтида "Сокина Муҳаммадий Аштиёнийни Эронда тошбўрондан асраб қолинг" номли саҳифага 85 мингдан ортиқ киши аъзо бўлган.

Бироқ, бу усул қанчалар ноинсоний деб қораланмасин, қатор мамлакатлар, хусусан Эрон, Саудия Арабистони, Судан, Покистон, Яман, Бирлашган Араб Амирликлари ва Нигериянинг баъзи штатлари қонунларидан расман ўрин олиб келмоқда.

Тошбўрон усули Афғонистон ва Сомали қонунларида кўзда тутилмаган эсада, иккала мамлакатда ҳам бу жазо қўлланиши ҳоллари учраб келаётир.

Сиз қандай фикрдасиз?