Ўзбекистонда алкогол ва тамаки истеъмолини чекловчи қонун чиқди

Image caption Янги қонун чекиш мумкин бўлган жойларни кескин чеклайди

Ўзбекистон Олий Мажлисининг қонун чиқарувчи палатаси "Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш" ҳақида қонунни қабул қилган.

Энди қонунни Ўзбекистон Сенати тасдиқлаши кутилади.

Газета.уз веб саҳифаси ёзишича, мазкур қонун тамаки ва спиртли ичимликларнинг фуқаролар саломатлиги, айниқса ёшлар соғлигига салбий таъсирини камайтиришга қаратилган.

Қонун давлат идораларининг вазифа ва ваколатларини белгилаш билан бир вақтда алкогол ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши, сотилиши ва рекламасини назорат этувчи қонуний нормаларни белгилаб беради.

Қонунда, жумладан, тамаки ва спиртли ичимликларни қадоқлаш ва тамға босиш, ҳамда сотувчиларнинг истеъмолчи ёшини аниқлаш каби мажбуриятлари аниқланган.

Хусусан, 20 ёшга етмаган шахсларнинг алкогол ва тамаки маҳсулотларинини истеъмол қилиш ёки сотишга жалб қилганлар жавобгарликка тортилади.

Унда алкогол ва тамаки маҳсулотларининг истеъмол этилишини ман қилинган жойлар рўйхати ҳам келтирилади: масалан, бу маҳсулотларнинг иш жойларида, соғлиқни сақлаш муассасаларида, таълим ва соғломлаштириш муассасалари, ҳукумат идоралари, савдо ва озиқ-овқат объектлари, кинотеатрлар, театрлар, цирк, концерт ва кўргазма заллари, музейлар, кутубхоналар, болалар ва ёшлар дам олиш масканларида истеъмол қилиниши тақиқланади.

Тамаки ва алкоголга тақиқлов жамоат транспорти ва бекатлар, кўчалар, стадионлар, ҳиёбонлар, истироҳат боғлари, кўп қаватли уйлар эгалари фойдаланувчи умумий ҳудудлар ва бошқа жамоат жойларини ҳам ўз ичига олади.

Чекувчилар энди фақат махсус ажратилган жойларда ва ёпиқ ёки ҳавоси алмашиб турадиган хоналарда чекишлари мумкин.

Қонун аэропортлар, темир йўллари бекатлари ва автобус станцияларига 500 метр радиусда бўлган жойларда тамаки ва спиртли ичимликлар сотилишини тақиқлайди.