Ливия бўйича янги режа ишлаб чиқилиб, Муаммар Қаддофийга ҳам тақдим этилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Учрашувда 30 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари қатнашганлар

Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттинининг айтишича, Ғарб ва Араб мамлакатлари дипломатлари Ливиядаги ҳарбий ҳаракатларга чек қўйиш режасини ишлаб чиқадилар ва бу режа полковник Муаммар Қаддофийга тақдим этилади.

"Ливия Контакт гуруҳи" учрашувида гапирган Италия Ташқи ишлар вазири сўзларига кўра, исёнкорларнинг Миллий Ўтиш даври Кенгаши бундан буён Ливиянинг қонуний ҳукумати сифатида кўрилади, бунга Истанбулдаги йиғилиш иштирокчилари келишганлар.

Йиғилишда 30 дан ортиқ мамлакатлар вакиллари қатнашганлар, улар орасида АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон, Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жупе, Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Ҳейглар бўлган.

"Ливия Контакт гуруҳи"даги аксар мамлакатлар аллақачон Миллий Ўтиш даври Кенгашини Ливиянинг қонуний ҳукумати сифатида эътироф этганлар.

Италия Ташқи ишлар вазири Франко Фраттини сўзларига кўра, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш режасини БМТнинг Ливия бўйича махсус элчиси Абдул Элаҳ -ал-Хатиб Ливия раҳбариятига етказади ва икки томон музокараларида воситачилик қилади.

Жаноб Фраттини сўзларига кўра, жаноб Хатиб музокаралар ўтказишга изн берилган ягона расмийдир.

"Булар оташкесимни ҳам ўз ичига олган сиёсий таклифларнинг сиёсий пакети", деб айтган Италия ташқи ишлар вазири. Reuters ахборот агентлиги Клинтон хонимга ҳамроҳлик қилаётган АҚШнинг юқори лавозимли мулозимидан иқтибос келтирган: "Мамлакатлар Қаддофийдан кейинги кунларга назар ташламоқдалар. У кетади ва ушбу учршашув ўтиш даврига тайёргарлик кўриш учун фойдали бўлади". Истанбулдаги учрашувда Ливия режимига босимни ошириш йўллари, хусусан ҳукумат теле-радио эфирларини чеклаш амаллари муҳокамага қўйилгани хабар қилинган.

Хабарларга кўра, исёнкорлар ўз назоратларидаги Ливия ҳудудларини кенгайтирмоқдалар, улар ҳозир Ливия шарқини ҳамда ғарбдаги айрим нуқталарни ушлаб туриптилар.

НАТО кучлари Ливия қўшинларига қарши 6000 бомбардимонлар уюштирганига қарамасдан, полковник Қаддофий пойтахт Триполида мустаҳкам ўрнашган.

Ливияга нисбатан халқаро санкциялар жорий этилди, Қаддофий режимидаги етакчи сиёсатчиларга нисбатан халқаро ҳибс кўрсатмалари эълон қилинди.

15 июл куни пойтахт Триполида Қаддофий ҳукуматининг ёқилғи таъминоти инқирозига бағишланган мажлиси бўлиб ўтган.

Мажлисда Бош вазир ал-Бағдодий ал-Маҳмудий билдиришича, Италиянинг Ливияга 30 миллиард долларлик сармояси лойиҳасига чек қўйилади, у бошқа мамлакатларни Ливия конларини ўзлаштиришга қўшилишга чақирган.

Триполи шаҳрида ёқилғи қуйиш шахобчаларида навбатлар ҳосил бўлган, хабарларга кўра, исёнкорлар пойтахтни ёқилғи билан таъминлайдиган асосий нефт қувурини кесганлар.