Телефонларни пинҳона тинглаш можароси уммонортига ёйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Можаро сабаб атайин Лондонга келган Руперт Мердок Ребекка Бруксни ҳимоя қилганди

Британияда нашр этилган News of the World рўзномаси ходимлари томонидан маълумот олиш илинжида шахсий телефонларга яширинча қулоқ тутиш можароси уммон оша Америкага қадар тарқалди.

Эндиликда 2001 йил 11 сентябр хужумлари қурбонларининг ҳам телефонларига қулоқ тутилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги даъволар ўртага чиқди.

15 июл куни рўзноманинг ўша вақтда бош муҳаррири бўлган Ребекка Брукс истеъфога чиқиши ҳақида эълон қилди.

News of the World медиа магнат Руперт Мердокка тегишли News International ширкатининг таркибий қисми эди.

Ушбу ширкат эса жаҳондаги энг йирик матбуот салтанатларидан ва улушлари Саудия Арабистони подшолик оиласи аъзоларига ҳам тегишли.

Руперт Мердок медиа салтанати дунёдаги энг йирикларидан.

Унинг жами даромади қарийб 33 миллиард долларга етади.

Булар ичида News Corporation каби босма ва рақамли нашрлар киради.

Image caption Британия Бош вазири Девид Кэмерон телефонни тинглаш бўйича текширув ўтказишга буйруқ берди

Лекин Мердок салтанатидаги энг катта даромад "20 century Fox" каби ўнта йирик фильм студиясидан келади.

Буларнинг жами даромади етти ярим миллион доллардан ортиқ.

Ундан кейинги ўринда бир нечта халқаро кабель телеканаллари тизими туради.

Булар орасида энг таниқлиси масалан, Fox янгиликлар телеканалидир.

Аммо газеталар ҳам бу медиа салтанатнинг учинчи сердаромад соҳасидир.

Булар қаторида Британия ва АҚШдаги энг оммабоп газеталарни айтиш мумкин.

Айни дамда Wall Street Journal нашри ва Австралиядаги 150 дан зиёд турфа нашрлар ҳам Руперт Мердокка тегишли.

Хуллас, дунё бўйлаб қатор фильм, телевидение, сунъий йўлдошли хизматлар ва босма нашрлар жаноб Мердокка қарашли.

Айни дамда у National Geografic телеканали ва British Sky Broadcasting ширкатларида ҳам йирик миқдордаги ҳиссаларига эга.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Жанжал туфайли News of the World рўзномасини ёпишга қарор қилдилар

Олдинроқ Британиядаги давлат назорат Ofcom ташкилоти бу салтанат борасида хавотирлар изҳор этган ва Британия матбуоти ва телерадиосининг катта қисми Мeрдок салтанатига қарашли News Corporationга ўтиб кетмоқда, деб айтганди.

Бироқ маълум бўлишича, Саудия Арабистони шаҳзодаси Руперт Мердокнинг News Corporationида энг йирик ҳиссадор экан.

Жаноб Мердокнинг яқин дўсти ҳам бўлган шаҳзода Ал-Валид бин Талал Алсауд 20 йилдан буён бу салтанатга сармоя киритиб келган.

Ҳозир News Corporationнинг етти фоиз ҳиссаларига эга Саудия шаҳзодаси барибир бу салтанат қулашига ишонмайди ва ўз ҳиссаларини сотмоқчи ҳам эмас.

Сўнгги воқеалар бу салтанат обрўсига сезиларли зарба берди, энди унинг келажаги қанчалар хавф остида?

Британияда бу салтанат медиа қаноти доирасида содир бўлган сўнгги ҳодисалар шаксиз, салтанат номига доғ туширди.

Бугун Британияда News Corporation қандайдир маънода нафрат объектига айланиб қолган, дейиш мумкин.

Чунки нафақат машҳур санъаткорлар ва ё сиёсатчилар телефонлари тингланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption News of the World 168 йиллик рўзнома эди.

Ҳатто террор ҳужумлари қрубонлари, йўқолган ва полиция излаётган ёш қизалоқлар телефонларига кириб боришгани айтилмоқда.

Сўнги воқеаларда ҳатто Британия Қироличаси Елизаветага оид маълумотлар учун ҳам пора бериб, қироллик оиласига оид ахборотларин қўлга киритишга интилгани айтилмоқда.

Айни дамда АҚШда ҳам 11 сентярб ҳужумларида қурбон бўлганлар телефонларига кирилгани ҳақидаги айбловлар ўртага чиққан.

Бу айбловлар исботини топганича йўқ, лекин ҳозирда текширув ишлари кетаяпти.

Британияда эса сиёсатдону-таҳлилчилар мамлакат матбуотида янгича давр бошланишидан баҳс юритмоқдалар.

Айрим сиёсатдонлар эса "раҳбарларимиз ҳеч қачон Руперт Мердок кабиларнинг таҳдиду-жодуларига боғлиқ бўлмасликлари керак" деган фикрларни айтишмоқда.

Собиқ бош вазир Городон Браун масалан, Мердок салтанатига қарши гапиришга интилганини қайд этди.

Лекин ҳозирги ва собиқ британ раҳбарлари ҳам қандайдир улуш илинжида Руперт Мердокка яқин борганлари айтилмоқда.

Лекин бу салтанатга неқадар зарба берилиши ва зарар етказилиши эндиликда АҚШда бошланадиган текширувлар натижасига ҳам боғлиқ.

Айни дамда бу салтанатнинг АҚШдаги Fox News канали ҳамда ва Wall Street Journal, New York Post нашрлари бу машмашаларга алоқадор бўлмаган дейилмоқда.