Афғонистон: Бомиён вилояти назорати маҳаллий кучларга топширилди

Бомиён буддалари
Image caption Бомиёндаги будда ҳайкаллари Толибон томонидан вайрон этилган эди

НАТО Афғонистон марказида жойлашган Бомиён вилояти устидан назоратни Афғонистон армияси ихтиёрига топширди.

Март ойида Президент Ҳомид Карзай томонидан эълон қилинган режага мувофиқ, Бомиён маҳаллий хавфсизлик кучларига топширилиши керак бўлган етти вилоятнинг дастлабкисидир.

Бомиён Афғонистоннинг энг хавфсиз вилояти эса-да, минтақа хорижий инсонпарварлик ёрдамларига муҳтож.

Бомиён вилоятининг маҳаллий кучларга топширилиши мамлакат хавфсизлигини хорижий кучлардан маҳаллий армияга топшириш йўлидаги муҳим қадам сифатида кўрилмоқда.

Янги Зеландия қўшинлари минтақада бир муддат қолса-да, Афғонистон ҳукумати назорати остида бўлишади.

Халқаро кучлардан миллий кучларга топширилиши керак бўлган минтақалар жумласига Кобул вилояти, Панжшер водийси, Ҳирот ва Мазори Шариф ҳамда Толибон жангчилари ўта фаол бўлган жанубий Ҳелманд виолятининг пойтахти - Лашкаргоҳ шаҳарлари киради.

Қўшинларни эрта чиқариш хавфи

Image caption Британия ҳукумати қўшинларни Афғонистондан 2014 йил охирига қадар олиб чиқишни истайди

Британия парламенти Мудофаа Қўмитаси ҳукуматни Афғонистондан қўшинларни эрта олиб чиқиб кетилиши халқаро иттифоқчи кучлар стратегиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Мудофаа Қўмитасига кўра, бир неча юздан ортиқ қўшинни олиб чиқиб кетиш у ерда қолаётган аскарлар кучини заифлаштиради ва уларнинг ҳаётларини хавф остига қўяди.

Қўмитанинг ишонишича, Британия қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш у ердаги вазиятга боғлиқ бўлиши керак.

Британия Бош вазири Дэвид Камерон ҳарбий амалиётларни 2014 йил охирига қадар тугатишни истайди.

Аммо Британия парламенти Мудофаа Қўмитаси ўз ҳисоботида афғон миллий армияси ва полициясининг мамлакат хавфсизлигини назорат этишга қанчалар қодирлиги масаласида шубҳалар борлигини билдирди.

Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида 2006 йилда олиб борилган ҳарбий амалиётларга назар ташлар экан, Мудофаа Қўмитаси Британия Мудофаа Вазирлигини қўшинларни минтақага йўллаш билан "арининг уясини" тўзитиб юборганликда айблади.

Қўмита шунингдек вазирликни Британия аскарлари Ироқда жанг қилаётган бир пайтда қўшинларни Афғонистонга йўллаш қанчалар хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмагани учун танқид қилди.

Қўмита аъзолари сўзларига кўра, Британия қўшинларига уч йил давомида қўшимча куч ва тажҳизотлар етарли миқдорда етказиб турилмаган.

Британия армиясининг юқори қўмондонлари Мудофаа вазирига қўшинларнинг ҳеч қандай ёрдамга эҳтиёжи йўқлигини таъкидлаб келишган.

"Бу ерда юз берган ҳодисалар Афғонистондаги қўшинларимизни хавф-хатарга рўбарў қилди. Ҳарбийлар ва сиёсатчилар ўртасида яхшироқ алоқа ўрнатилиши зарур. Мудофаа вазирлиги Афғонистондаги қўмондонлар огоҳлантиришларига жиддий эътибор қаратишлари лозим," - деб айтди Британия парламенти Мудофаа Қўмитасининг раиси Жеймс Арбутнот.

Британия парламенти аъзолари Афғонистондаги қўшинлар ҳозирда етарли сондаги вертолётлар билан таъминланганига ишончлари комил эмаслигини айтишади.