Милан маҳкамаси Италия Бош вазири ишини кўриб чиқишда давом этади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Италия Бош вазири вояга етмаган фоҳишага жинсий хизмати учун ҳақ тўлаганликда айбланмоқда.

Италиянинг Милан шаҳри маҳкамаси Силвио Берлусконининг вояга етмаганлар билан жинсий алоқалари борасидаги маҳкама ишини кўриб чиқишга ваколати етарли эканини айтиб, қарор қабул қилди.

Бу мазкур ишнинг юқорироқ маҳкамага оширилишини истаган Италия бош вазири учун зарба, дея кўрилмоқда.

Жаноб Берлусконининг адвокатлари иш Римдаги давлат вазирлари учун махсус амал қилувчи маҳкамада кўриб чиқилиши учун курашаётгандилар.

Бош Вазир Берлускони балоғат ёшига етмаган фоҳиша билан жинсий алоқа учун пул тўлашда ва ўз ваколатини суиистеъмол қилишда айбланади. У барча айбларни рад этади.

Маҳкама иши аллақачон Миланда очилган. Уни бошқа маҳкамага кўчириш эса ишни бутунлай бошидан бошланишини англатган бўларди.

Жаноб Берлускони Миландаги маҳкамага унга нохолис ёндошишини айтиб норозилик билдирган.

"Ёқут иши" дея номланган маҳкама иши жаноб Берлускони ҳозирда юз тутаётган тўртта маҳкама ишидан биттасидир. "Ёқут" (Ruby) фоҳиша Карима ал Маҳруғнинг лақабидир.

Қолган уч маҳкама иши порахўрлик айбларига асосланган.

"Ёқут иши"га масъул прокурорлар жаноб Берлускони Маҳруғ хонимга унинг 17 ёшида бўлган вақти жинсий хизмати учун пул тўлаганини даъво қилишади.

Италияда фоҳиша хизматларидан фойдаланиш жиноят ҳисобланмайди, аммо 18 ёшга етмаган ўсмир билан жинсий алоқада бўлган фуқаро қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Икковлон жинсий алоқада бўлганларини рад этиб келишади.

Жаноб Берлускони, шунингдек, Маҳруғ хоним бошқа иш бўйича полиция томонидан қўлга олинганда, унинг озод этилиши учун ҳаракат қилиб ўз лавозимини суиистеъмол қилишда гумон қилинади.