Шинжон-Уйғуристонидаги ҳужумда бир неча киши нобуд бўлган

Image caption Сўнгги икки йил давомида Хитой ҳукумати Шинжон-Уйғур бўлгасидаги вазиятни дунё нигоҳидан панада тутмоқда.

Шинжон-Уйғуристонида уюштирилган ҳужум оқибатида бир неча инсон нобуд бўлган.

Хитой давлат матбуотига кўра, бир гуруҳ қуролли шахслар Хўтан шаҳридаги полиция идорасига ҳужум қилишган ва камида 8 кишини гаровга олганлар.

Шундан кейин бошланган қутқарув амалиётида икки полиция ходими ва икки нафар гаровга олинган шахс ҳалок бўлишган.

Давлат хабар агентликлари ҳужумчиларнинг барчаси ўлдирилганини айтишмоқда. Аммо воқеа ва қурбонлар борасида бошқа хабарлар йўқ.

Икки йил олдин Урумчи шаҳрида юзага келган уйғурлар ва хан хитойликлар орасидаги қонли низоларда икки юз нафарга яқин инсон нобуд бўлганди. Шундан бери Шинжон-Уйғуристонидаги вазият таранг қолаётгани айтилади.

Хитой бу бўлгада содир бўлган ҳужумларни одатда уйғур бўлгинчиларига боғлаб келади.

Иҳоталанган Шинжон

Хўтан шаҳри Урумчи, Қошғар ва Ғулжа қаторида Шинжон-Уйғур бўлгасидаги йирик шаҳарлардан биридир. Покистон чегарасига яқин саҳродаги Хўтан шаҳрида аксар уйғурлар истиқомат қилишади.

У ердаги воқеа борасида аниқ маълумотлар йўқ. Уйғур фаолларига кўра, уйғурларнинг тинч намойишига қарши полиция ҳужум қилган.

Шинжон уйғурлари сўнгги йиллари бўлгага кўплаб хан хитойликлари кўчириб келинаётганидан норозилар. Шунингдек, уларнинг айтишича, янги яратилаётган иш ўринлари ҳам уйғурларга эмас, балки хан хитойикларга насиб қилмоқда.

Хитой учун табиий қазилмаларга бой бу минтақа муҳим аҳамиятга эга.

Аммо халқаро кузатувчиларга кўра, икки йил олдинги Урумчи низосидан бери Хитой уйғурларни таъқиб қилишни кучайтирган ва Шинжон-Уйғуристонидаги вазиятни дунё кўзидан панада тутишга интилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг билдиришича, сўнгги икки йил ичида Хитой ҳукумати мингдан зиёд уйғур ёшларини ҳибсга олган, уларнинг бир неча юз нафари эса қатл этилган.