Жаҳон Уйғурлари Конгресси: Ҳўтандаги тўқнашувда 20 одам ҳалок бўлди

Хитой полицияси Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Хитой шимоли-ғарбидаги Шинжон бўлгасида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда 20 одам ҳалок бўлган, дея хабар беради хориждаги уйғур гуруҳи.

Хитой матбуоти давлат мулозимига иқтибосан душанба куни юз берган тўқнашувни "террорчилик" ҳужуми дея атаган ҳамда оломоннинг Ҳўтан шаҳридаги полиция бўлинмасига ҳужум қилгани ва натижада бир полиция зобити дохил тўрт одам ҳалок бўлганини маълум қилган.

Бироқ уйғур фаоллари ҳодисани Хитой ҳукуматига нисбатан оддий уйғурлар нафратининг ошкора кўриниши деб атаганлар ва расмийларни қонли ҳодисага боғлиқ маълумотни беркитишга уринишда айблаганлар.

Маркази Олмонияда жойлашган Жаҳон Уйғурлари Конгрессининг Шинжондаги ўз манбаларига иқтибосан хабар беришича, Хитой хавфсизлик кучлари тартибсизликлар чоғида 14 инсонни калтаклаб ўлдиришган ва яна олти кишини отиб ташлашган.

Шинжон бўлгаси пойтахти Урумчи 2009 йилда қонли этник зўравонликларга саҳна бўлганди.

Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, ханлар ва уйғурлар ўртасида юз берган мазкур тўқнашувларда 200 одам ҳалок бўлган ва 1700 киши яраланган эди.

Жаҳон Уйғурлари Конгрессининг сўзчиси Тўлқин Ойсарнинг Би-би-сига айтишича, Хитой полицияси сўнгги икки ҳафта давомида ҳибсга олинган яқинлари тақдирини билиш учун Ҳўтан марказий майдонига тўпланган юздан ортиқ уйғурларга нисбатан куч ишлатиши оқибатида камида 20 одам ҳалок бўлган ва яна кўплар яраланган.

Хабарларга кўра, намойишчилар шаҳарнинг гавжум бозори яқинидаги полиция бўлинмасини ёқиб юборганлар.

Тўлқин Ойсарнинг айтишича, Ҳўтан шаҳрида вазият таранглигича қолмоқда: шаҳарга кириш ва чиқиш йўллари беркитилган; қўшимча полиция кучлари юборилган.

Франс-Пресс хабар агентлигига кўра, Ҳўтан ҳукумати шаҳардаги сўнгги вазият борасида маълумот беришдан бош тортган.