Ҳиндистон жаҳондаги йирик уран конларидан бирини аниқлаганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty images
Image caption Ҳиндистон яқин йиллар ичида 30 та ядровий реакторни барпо этишни режалаштирган

Ҳиндистон жануби-шарқидаги Андхра-Прадеш штатида аниқланган уран кони дунёдаги энг йирик конлардан бири бўлиши мумкин.

Мамлакатнинг Атом энергиясини ўрганиш миллий қўмитаси раҳбари Шрикумар Банержининг маълум қилишича, Кадапа туманидаги Тумалапалле кони заҳираси 150 минг тоннани ташкил этиши мумкин.

Ҳиндистондаги жами уран заҳиралари 175 минг тонна деб кўрилади.

Таҳлилчиларга кўра, янги уран кони ҳам Ҳиндистоннинг атом энергиясига бўлган тобора ошиб бораётгани эҳтиёжини қондира олмайди.

Атом энергиясини ўрганиш миллий қўмитаси раҳбари Шрикумар Банержи айтишича, дастлабки тадқиқотлар Тумалапалледа 49 минг тонна минерал мавжудлигини тасдиқлаган, ва бу жами заҳиранинг учдан бир қисми бўлиши мумкин.

Агар ушбу ҳисоб-китоблар тасдиқланадиган бўлса, Тумалапалле кони жаҳондаги энг йирик уран конларидан бири бўлади.

Жаноб Банержи қўшимча қилишича, заҳира жойлашган жой 35 квадрат километрни ташкил этади ва ҳали ҳам кон таркибини ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Атом энергиясини ўрганиш қўмитаси раҳбари янги заҳирага қарамасдан, Ҳиндистон уранни импорт қилишига тўғри келади.

Кейинги йиллар мобайнида Ҳиндистон 30 тача ядровий реакторни барпо этишни режалаштирмоқда ҳамда 2050 йилда мамлакат эҳтиёжи учун зарур электр энергиясининг чорак қисмини ядро қувватидан олишни мўлжалламоқда.