Афғон кучлари ва исёнкорлар ўртасидаги тўқнашувлар яна инсонлар умрига зомин бўлди

Қандаҳор шаҳри Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қандаҳордаги ҳужумда 3 полиция ходими нобуд бўлган

Қандаҳорда Афғон полицияси билан исёнчилар ўртасида юз берган кучли тўқнашувда камида уч полиция ходими ҳалок бўлган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигига кўра, исёнчилар жойлашган уй ишғол қилинган ва икки киши полиция томонидан қўлга олинган.

Расмийларнинг айтишича, улар полиция жамлоғига қарши ҳужумни режалаштирганлар.

Бундан ташқари, тўрт тинч фуқаро шимолий Мозори Шариф шаҳридаги бомба ҳужумида ҳалок бўлган.

Бу шаҳардаги хавфсизлик маъсулиятини шу ҳафтада халқаро кучлардан Афғон полицияси ва армиясига топшириш мўлжалланган.

Бомбани велосипедига ўрнатган худкуш ҳужумчи ўзини Мозори Шарифнинг Дашти Шор ҳудудида портлатган, дея хабар қилган маҳаллий полиция бошлиғи.

Натижада, олти киши, жумладан икки бола жароҳат олишган.

Мозори Шариф Президент Ҳамид Карзай эълон қилган хавфсизлик назоратини НАТО кучларидан маҳаллий қўшинларга ўтказиш режасида кўзда тутилган 7 ҳудуддан биридир.

Маъсулиятни топшириш барча назоратни 2014 йилда хорижий қўшинлардан олиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири деб кўрилади.

Қўлбола бомбалар

Қандаҳордаги жанг маҳаллий вақт билан эрталабки 8:30 ларда бошланиб, бир соатдан ортиқ давом этган ва полиция кучлари бино ичкарисига киришга муваффақ бўлишган.

"Полиция 1-тумандаги уйда бир неча террорчи борлиги хақидаги хабарни олгач, бинога яқинлашганлар ва ичкаридагиларга таслим бўлиш буйруғини берган. Лекин террорчилар буни рад этиб, данг бошлашган. Натижада икки террорчи, жумладан Толибоннинг таниқли қўмондони Мулла Кар ўлдирилди", деб айтган Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Сиддиқ Сиддиқий.

Маҳаллий фуқароларнинг айтишича, ҳудуд Афғон полицияси ва ташқи кучлар томонидан сешанба куни кечгача ўраб олинган.

Сиддиқ Сиддиқий сўзларига кўра, ҳарбий амалиётдан кейин бу уйда қўлбола бомбалар ва бошқа қурол-яроғлар топилган.