НАТО беқарор Лашкаргоҳ хавфсизлиги масъулиятини афғон кучларига топширди

Image caption Хавфсизлик масъулияти топширилганидан сўнг хорижий қўшинлар зиммасига афғон хавфсизлик кучларини тайёрловдан ўтказиш ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш юкланади.

Афғонистоннинг нотинч Ҳелманд вилоятидаги Британия қўшинлари Лашкаргоҳ шаҳри хавфсизлик масъулиятини афғон кучлари зиммасига топширишган.

Нисбатан тинч Бомиён вилояти ва шарқий Меҳтарлам шаҳарчаси назорати аллақачон афғонлар қўлига ўтган.

Аммо, мухбирларга кўра, Лашкаргоҳда барқарорликни ушлаб туриш маҳаллий кучлар учун ўта жиддий синов бўлиши тайин.

Шаҳар хавфсизлик масъулиятининг афғон қўшинларига топширилиши 2014 йилга бориб жангавор амалиётлар ниҳоя топиши учун ташланган ўта муҳим қадам сифатида кўрилади.

НАТО шарқий Лағмон вилояти маркази Меҳтарлам назоратини сешанба куни афғонларга топширганди. Меҳтарлам нисбатан тинч ҳисобланади, аммо расмий маросим пайти шаҳар яқинида ракета ҳужуми юз бергани борасида хабарлар бор.

Ўтган март ойи Президент Карзай еттита минтақа хавфсизлиги маҳаллий қўшинларга топширилиши режаланганини эълон қилганди.

Режага мувофиқ энди Кобул, Паншир вилоятлари, Ҳирот, Мазори Шариф шаҳарлари назорати афғонлар қўлига ўтиши кутилмоқда.

Кузатувчилар афғон қўшинлари учун энг катта қийинчилик ҳамон Толибон исёнкорлари фаол қолаётган Ҳелманд вилояти пойтахти Лашкаргоҳ бўлади деган фикрга қўшиладилар.

Душанба куни шаҳар яқинидаги назорат нуқтасида 7 нафар полиция ходими ўлдирилган. Шанба куни ҳудудда патруллик қилиб юрган Британия аскарларидан бири нобуд бўлганди. Айрим хабарларга кўра, у афғон армияси кийим-бошида бўлган шахс тарафидан нишонга олинган. 'Ҳали қилинадиган ишлар кўп'

Афғонистонда НАТО кучлари сафида 10, 000 минг атрофидаги британ аскарлари хизмат қилишади ва уларнинг аксари Ҳелмандда жойлаштирилган.

Афғонистондаги Британия қўшинларини олиб чиқиб кетиш жараёни 2014 йил охирларича якунланиши кўзда тутилган. Аммо, бир неча кун олдин Буюк Британия парламенти аъзолари ушбу режани танқид остига олишди. Уларга кўра, аскарларни эрта олиб чиқиб кетиш у ерда қоладиган қўшинларни "хатарли бир равишда заифлаштиради".

Парламент Мудофаа масалалари бўйича қўмитаси, шунингдек, 2014 йил охирларигача халқаро кучларнинг Афғонистонни тарк этиш режаси коалиция стратегиясига салбий таъсир қилишини айтишган.

Британия Мудофаа вазири Лиам Фокс эса, "ҳали қилиниши керак лозим ишлар кўп" бўлса-да, режани ўз вақтида амалга ошириш имконли эканини таъкидлаган.

Мухбирларга кўра, талофатлар сони ошаётганига қарамай, Қўшма Штатлар қўшинлари сони оширилиши ва афғон полицияси ҳамда армияси сафига ўн минглаб янги кучлар ёлланиши мамлакатнинг қатор минтақаларида хавфсизлик вазиятини яхшилашга хизмат қилган.

Аммо, афғон полицияси ва аскарлари кучлари турлича экани, Толибон тарафидан кутилаётган ёзги ҳужумларга бардош беролмаслиги мумкинлиги юзасидан хавотирлар бор.

Айниқса, Ҳелманд масаласида бу қўрқувлар кучлироқдир, чунки афғон полицияси хавфсизлик назоратини қўлга олишда муҳим рол ўйнайди, аммо, полиция хизматидаги коррупция даражаси юқорилиги ҳамда ахлоқий нормаларга риоя қилинмаслиги юзасидан жиддий хавотирлар бор. Юқори мартабали шахсларга ҳужумлар

Карзай жаноблари хавфсизлик масъулияти афғонлар қўлига ўтиши ҳақида эълон қилиши ортидан Афғонистон бўйлаб зўравонликлар кучайган.

Хавфсизлик назоратини топшириш жараёни бошланишидан бир неча ҳафтагина олдин етти нафар БМТ ходими Мазори-Шарифдаги норозиликлар пайти ўлдирилганди.

Кобулдаги ҳашаматли меҳмонхонага ҳужум 22 инсоннинг умрига зомин бўлди. Бомиёнда хавфсизликни топширишга бағишланган расмий маросимдан бир неча соат ўтиб эса, жангарилар Президент асосий маслаҳатчиларидан бирини Кобулдаги уйида ўлдириб кетишди.

Бомиён назоратини топшираркан, НАТО Бош котиби Андерс Фог Рассмусен бу йўлдаги ҳар бир қадам "жойлардаги шароитлардан келиб чиқиб олиниши"ни айтди.

Жанговар амалиётлар якунланганидан сўнг, хорижий қўшинлар зиммасига афғон хавфсизлик кучларини тайёрловдан ўтказиш ва асбоб-ускуналар билан таъминлаш юкланади.

Ҳозир Афғонистонда 140,000 атрофида хорижий қўшинлар жойлаштирилган, уларнинг қарийб 100,000га яқини Қўшма Штатлар кучлари ташкил этади. Улар ҳамон Толибон исёнкорлигига қарши кураш олиб боришмоқда.