Гаага рўйхатидаги охирги серб қўмондони Горан Хаджич қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Горан Хаджич Гаага трибуналида маҳкамага тортилиши кутилади

Сербия ҳукумати Бирлашган Миллатлар трибунали ордери бўйича қидирувда бўлган охирги шахсни қўлга олганини маълум қилди.

Қўлга олинган Горан Хаджич Хорватияда 1991-1995 йилларда юз берган урушда хорватиялик серблар отрядига қўмондонлик қилган ва тан олинмаган Сербская Краина республикасининг раҳбари бўлган.

Хаджич умумий ҳисобда 14та айблов, хусусан ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятлар, қотилликлар, қатл этишлар, қийноқлар ва 20 мингдан ошиқ инсоннинг Вуковар шаҳридан мажбурлаб кўчириш айбловларига юз тутмоқда.

Хаджичнинг қўлга олиниши билан боғлиқликда ўтказилган матбуот анжуманида Сербия Президенти Борич Тадич "трибунал билан алоқаларидаги энг қийин саҳифани ёпган"ини билдирди.

"Биз юридик ва аҳлоқий мажбуриятларимизни бажардик," дея қўшимча қилди у.

Гаага Трибунали рўйхатида 161 шахс қайд қилинганди. Шу пайтгача фақат Горан Хаджич озодликда қолаётганди.

Сербия ҳукумати унинг пойтахт Белград шимолидаги Фрушка-Гора туманида қариндошларининг уйи яқинида қўлга олинганини хабар қилишди.

Би-би-си мухбири Марк Лоуэнга кўра, кўплар унинг айнан шу ерда яшаб келаётганини аввалдан шубҳа қилишарди.

Хаджич етти йил аввал Белграддаги ҳукумат Гаага трибунали томонидан расман илгари сурилган айбловларни олгач, яширинган.

Унинг қўлга туширилишига етаклаши мумкин бўлган маълумот учун 1.4 миллион доллар мукофот пули ваъда қилинганди.

Икки ҳафта аввал Босния сербларининг собиқ қўмондони Ратко Младич ҳибсга олинганди.

Оврўпо Комиссияси раҳбари Жозе-Мануэл Баррозо Хаджичнинг қўлга олинганини ҳуш қарши олди ва у яқин орада Гаагага келтирилишига умид қилаётганини билдирди.