"Ал-Қоида" тарғибот мультфильмини ишлаб чиқмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption "Ал-Қоида"чилар ўз сафларига ёшларни тарғиб қилишнинг янги усулларига қўл ураётганликлари айтилмоқда.

"Ал-Қоида" тармоғи тарафдорлари ёш болаларни қўлларига қурол олиб курашга тарғиб қилувчи мультипликацион фильм ишлаб чиқаётганликларини билдиришган.

Араб тилидаги "al-Shamouk" вебсаҳифасида ушбу мультфильмдан суратлар чоп этилган, дея хабар беради Лондонда жойлашган "Qulliam" тадқиқот маркази.

Аммо АҚШ ҳукуматининг терроризмга қарши чоралар бўйича маслаҳатчиси бу каби фильм ишлаб чиқилаётганлиги ҳақидаги хабарларни шубҳа остига олди.

"al-Shamouk" вебсаҳифасида айтилишича, бу каби фильм турли телеканаллар орқали ёш болаларга қаратилган "заҳар"га қарши тарғибот сифатида ишлаб чиқилмоқда.

Фильм ҳақида маълумот қолдирган шахс тўрт тасвирни ҳам келтириб ўтган. Ўқувчилардан бу фильм ҳақидаги фикр-мулоҳзаларини изҳор этишлари ҳам сўралган.

Таҳлилчи ва ўзи ҳам ўтмишда жиҳодчи бўлган Нўмон Бенотманнинг айтишича, "Ал-Қоида"чилар томонидан фильм ишлаб чиқишга уриниш уларнинг матбуот ва ўз сафларига аъзоларни даъват қилиш жараёнига янгича ёндошувга қўл ураётганликларидан далолат беради.

"Улар терроризмга ёшларни қизиқтириш ва чорлаш йўлида янги чораларни қўлламоқдалар, лекин бу ҳаратлар акс натижа бериши мумкин", дейди Нўмон Бенотман.

"Кўплаб ота-оналар бу қадамни "Ал-Қоида"чилар томонидан оилавий муносабатларга рахна солиш ва ота-оналар обрўсига зарар етказиш уруниши сифатида кўришлари мумкин", дейди у.

Бошқа томондан ўз таъсирини йўқотиб бораётган "Ал-Қоида" эндиликда "карикатура"ларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётган бўлиши ҳам мумкин, деган тахмин ҳам ўртага ташланмоқда.