Мисрда янги вазирлар маҳкамаси қасамёдга келтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мисрда норозилик чиқишлари ҳануз давом этмоқда.

Мисрда март ойида рўй берган халқ инқилобидан сўнг янги вазирлар маҳкамаси аъзолари қасамёдга келтирилди.

14 янги вазир ҳукумат таркибига тайинланди, аммо асосий вазирликлар раҳбарлари, жумладан Ички Ишлар вазири ўз ўрнида қолган.

Дастлаб ҳукуматни қасамёдга келтириш маросими душанба кунига белгиланганди.

Лекин Бош вазир ва мамлакатни вақтинча бошқариш салоҳияти юкланган Ҳарбий Кенгаш орасида номзодлар юзасидан келиб чиққан келишмовчиликлар туфайли кечиктирилди.

Шундан кейин Бош Вазир тоби қочиб касалхонага ётқизилди. Касалхонадан чиқиб вазирларнинг янги рўйхатини тузиб чиқди.

Март ойидаги инқилобдан сўнг бу иккинчи маротаба ҳукумат таркибининг янгиланишидир.

Мухбирларга кўра, бу қадам мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари қатнашчилари талабларини қондириш йўлида қилинган бўлиши мумкин.

Аммо норозилик чиқишлари қатнашчиларининг асосий даъвоси Ҳарбий Кенгашнинг ағдарилган президент Ҳосни Муборакка қарши етарлича қатъий чораларни қўлламаётганидадир.

Эртага жума куни фаоллар "Қатъий чоралар куни" номи остида кенг миқёсли чиқишларни режаламоқдалар.

Айни вақтда мамлакатдаги исломий гуруҳлар "барқарорлик учун" намойишларини уюштирмоқчи эканликларини айтишган.