Норвегиядаги қирғинга масъул кўрилган шахснинг "шериклари бор"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images
Image caption Андерс Беринг Брейвик ҳужумларни содир этганини тан олган, бироқ терроризм айбловини рад этган

Жума куни Норвегияда икки ҳужумни амалга оширган Андерс Беринг Брейвик устидан маҳкамани жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари учун ёпиқ ўтказишга қарор қилинган.

Ҳакам прокуратуранинг тингловни ёпиқ ўтказиш талабини қондирган.

Очиқ маҳкама экстремистик сиёсий қарашдаги гумондор Андерс Беринг Брейвик ғоялари тарқалишига ҳисса қўшиши мумкинлиги айтилган.

Сал олдинроқ бутун Норвегияда жума куни ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқа сукут сақланган.

32 ёшли Андерс Беринг Брейвик Ослодаги бомба портлаши ва ёшлар жамлоғи жойлашган Утойя оролидаги отишмани содир этганлигини тан олган.

Унинг маҳкама тингловида айтишича, "ташкилотининг яна икки бўлими бор".

Андерс Беринг Брейвикни саккиз ҳафта мобайнида буткул ихоталаш қарорини қабул қилган ҳакамлар ҳайъати раҳбари Ким Хегер кейин матбуот анжумани ташкил этган, бу анжуманда айбланувчининг шериклари борлиги ҳақидаги кўрсатмаси тафсилотлари ошкор этилмаган.

Ҳакамнинг айтишича, Андерс Беринг Брейвик ҳужумни содир этганини тан олган, бироқ ўзига қўйилган терроризм бандларини инкор этган.

Брейвий сўзларига кўра, у Норвегиянинг қудратдаги партияси Лейбористлар партияси оммавий муҳожирликка рухсат бергани учун жазолашни мақсад қилган.

Норвегия полицияси эълон қилишича, жума кунги ҳужумларда 76 инсон ҳалок бўлган.

Брейвикнинг радикал ўнг-қанот гуруҳларга алоқадор эканлиги ва ҳужумларни бир неча йилдан бери режалаштирганлиги айтилган.

Ҳозирда Норвегияда ўнг қанот гуруҳлари хавфи жамият учун не қадар эканлиги ҳақидаги саволлар ўртага ташланмоқда.

Цюрихдаги Хавфсизлик масалалари тадқиқот марказидан Лорензо Видинонинг айтишича, ўнг қанот радикал гуруҳларнинг хавфини чамалаш ўта қийин масала.

Лоензо Видино: Менимча ҳар бир мамлакатда айни масала билан боғлиқ вазият ҳар хилдир. Аммо шимолий Оврўпо мамлакатларида биз аксил- муҳожирлик кайфиятлари урчиб бораётганини ва шундай кайфиятдаги гуруҳларнинг сайловларда ҳам нисбатан муваффақиятга эришаётганини кузатишимиз мумкин. Баъзи бир жуда кичик гуруҳлар эса ўта радикал қарашларга эгалиги ҳам бор гап. Айрим ҳолатларда бу гуруҳлар зўравонликка ҳам эрк беришади. Норвегиядаги шахснинг зўравонликка қўл уриши ана шулар жумласидан деб айтиш мумкин назаримда...

Би-би-си: Андерс Беринг Брейвик Швециянинг ўнг қанот сиёсий ташкилоти ва Британиядаги Инглиз Мудофаа Лигаси каби радикалроқ қарашдаги гуруҳлар билан алоқаси ҳақида кўкрак кергани айтилмоқда. Интернет бу каби алоқалар учун айни муддао бўлгандир, эҳтимол, аммо Оврўпода булардан ташқари ҳам анчайин радикал бўлган ташкилоту гуруҳлар бор, шундай эмасми?

Лорензо Видино: Ҳа, шундай ва бу каби шахслар ўртасида маълум бир мавзуларда қизғин мубоҳасалар кечади. Айрим ҳолатларда бу каби мубоҳасалар шафқатсиз бир ғоялар билан суғорилган бўлади. Бу каби баҳсу мунозаралар асосан интернетда кечади. Кейин улар юзма юз учрашадилар. Аммо айни ҳаракатларнинг аксар қисми асосан интернетда кечади. Фикрлар ҳам турфа хил ва бўлинган, масалан Исроил масаласида бу бўлиниш кўзга ташланади. Айримлар анъанадор қарашларга эга, айримлар мамлакатга кирадиган муҳожирларга мутлақо қарши ва шунинг учун ҳам мен бу ерда уйғун ва ташкиллашган бир ҳаракат ҳақида гапирмаган бўлардим. Улар бир неча асосан кўп маданиятлилик ғоясига, айниқса Оврўпода мусулмонлар бўлишига қарши шахсларнинг йиғиндиси - аммо айтганимдай, бу масалага қарашлари ва ёндошишлари ҳам турлича... Шунинг учун ҳам биз уларни уйғун бир ҳаракат деб айта олмаймиз.

Би-би-си: Лекин, шунда ҳам Андерс Беринг Брейвик - гарчанд биз ҳозир унинг ортида ҳеч бир ташкилот йўқ, деб айтаётган бўлсакда, жуда кенг кўламли вайронагарчилику зўравонликка қўл уришга муваффақ бўлди, шундай эмасми?

Лорензо Видино: Мен учун бу катта саволдир. Биз илк бор, ўзи мустақил шаклда, афтидан ташқи ёрдамсиз ҳаракат қилган шахснинг бу қадар йирик ҳужум қилиши билан рўпара келмоқдамиз. Бунинг устига анча мураккаб ҳужумлар деб, атаган бўлардим. Илк сўраладиган савол, қандай қилиб у ёлғиз ўзи бу каби йирик миқдорда портловчи ускунани ясади экан? Билганимиз, портловчи моддаларни қаерда олгани ҳақида, холос. Айтилишича, у портловчи моддаларни тайёрлашга доир ҳеч қандай профессионал ҳозирликдан ўтмаган ва ё устоз кўрмаган... Бу каби йирик бомбани ясаш осон эмас. Бир неча саволлар очиқ қолмоқда. Биз авваллари ҳам ўнг қанот экстремистларни Оврўпо бўйлаб кичик бир ҳужумлар ўтказганига гувоҳ бўлганмиз, аммо Норвегияда бу биринчи бор содир бўлмоқда.