Кореянинг Ҳиндистон энергетика бозорига кириш орзуси ушалмоқда

Мумбайдаги Ядровий Тадқиқот Маркази
Image caption Ҳиндистон атом энергетика бозори 150 миллиард долларни ташкил қилади

Жанубий Корея ва Ҳиндистон тинч мақсадлардаги ядровий энергетика бўйича келишув имзолаган.

Бу билан Жанубий Кореянинг Ҳиндистон энергетика бозорига кириш орзуси ушалиши учун кенг имкониятлар очилган, дейиш мумкин.

Жанубий Корея мазкур келишув асосида Ҳиндистонга ядровий қуввват технологиясини етказиб бериши мумкин.

Бу Ҳиндистон шиддат билан ривожланаётгани боис ўз энергетика таъминоти эҳтиёжларини қондиришда мушкулотларга дуч келаётган бир пайтда кузатилмоқда.

Жанубий Корея Ҳиндистон билан ядровий қувват бўйича битим имзолаган тўққизинчи давлатдир.

Манфаатли келишув

"Корея Республикаси Ҳиндистонда тинч мақсадлардаги ядро энергетикасини ривожлантиришда яна бир ҳамкор бўлишини кутиб қоламиз," - деб айтган Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигидан Санжой Синкх

Ҳиндистон атом энергетика бозори, ҳисоб китобларга кўра, 150 миллиардни ташкил қилади.

Ўтган йил Ҳиндистон қуйи парламенти ядровий энергетика бозорини хусусий сармояларга очишга қаратилган қонунни маъқуллаганди.

Қонун хорижий ширкатлар реакторлар барпо этишига изн беради.

Афтидан, келажакда мамлакатнинг ядровий қувватга қарамлиги ўсадиган кўринади.

Ҳиндистон 2050 йилга бориб, электр таъминоти чорак қисмини ядровий қувват ҳисобига қондирмоқчи.

Бунинг учун, Ҳиндистон бир неча йиллар ичида 30га яқин реакторни барпо этишни режалайди.

Ҳиндистонда ядровий энергетика бозори энди пайдо бўларкан, Жанубий Кореяда ушбу соҳа шиддат билан ривожланди.

Жанубий Корея электр эҳтиёжининг қарийб учдан бир қисми ядровий иншоотлари ҳисобига таъминланади.

Шарҳловчиларга кўра, Ҳиндистон ядровий энергетика бозорини кенгайтириш илинжида бўлган бир пайтда Жанубий Корея ўз технологиясини экспорт қилишни истайди ва шу боис, улар ўртасида имзоланган келишув ҳар икки мамлакат учун ҳам узоқ муддатга манфаатли бўлиши мумкин.