Хитойдаги поезд ҳалокатига "сигнал тизимидаги нуқсонлар сабаб"

Поезд қолдиқлари Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Поезд ҳалокати натижасида 39 инсон ҳалок бўлган ва 200 киши жароҳат олган

Хитой расмийларига кўра, тезюрар темир йўл тармоғида рўй берган ҳалокатга сигнал тизимидаги жиддий нуқсонлар сабаб бўлган.

Вэнчжоу вилояти яқинидаги водий узра ўтган кўприкда бир поезднинг иккинчисига келиб урилиши натижасида 39 инсон нобуд бўлган, 200 киши тан жароҳати олганди.

Ҳодиса чақмоқ туфайли электр таъминоти узилиши ортидан юз берган.

Шанхай Темир йўл бошқармаси раҳбари Ан Лушенгга кўра, сигнал чироғи "яшилдан қизилга ўзгара олмаган".

Ҳодиса жойига сафар қилган Хитой Бош вазири Вэн Жиабао масъулларни "қаттиқ жазолаш"га сўз берган.

"Мамлакатнинг ривожи халқ учун, шундай экан, энг муҳим нарса инсон ҳаётидир", деб айтган Бош вазир мухбирларга қарата.

Аввалроқ, Вен жанобалари тезюрар темир йўл тармоғида хавфсизликни яхшилаш томон керакли қадамлар ташлаш ваъдаси билан чиққанди.

Бу ҳукуматнинг энг асосий лойиҳаларидан бири бўлиб, Хитой тараққиётини кўз-кўз қилишига умид қилинади.

Шанбадан якшанбага ўтар кечаси рўй берган ҳалокатда 6 вагон йўлидан чиқиб кетган ва 4таси 20-30 метрлик кўприк устидан ағдариб тушган.

Ҳодиса мамлакатда тезюрар поездлар қатнови йўлга қўйилганидан бор-йўғи 4 йил ўтиб кузатилди.

Темир йўл мутахассислари хавфсизлик хавотирлари боис дунёдаги энг узун ва юқори тезликдаги ушбу тармоқнинг рекорд даражадаги муддатда барпо этилганидан огоҳлантиришганди.

Аммо, Япониядаги 1964 йил ишга тушганидан бери жиддий ҳалокатларга дуч келмаган ўта тезюрар поезд тизими мисол қилиб келтирилган.

Омма ғазаби

Вен жанобларининг ҳодиса жойига сафари ҳалокат юзасидан аҳоли қаҳр-ғазаби ўсиб бораётган бир пайтда кузатилган.

Интернетдан фойдаланувчилар ва жабрдийдалар яқинлари ҳукуматнинг фожеа бўйича ўртага чиққан саволларга жавоб беришга майл кўрсатмаётганидан ғазабланишган.

Улар ҳукуматни "такаббурлик"да айблашган ва ҳалокатни хашпўшлашга уринилаётганига оид шубҳалар пайдо бўлган.

Расмийлар тезликда ҳодисанинг матбуотда ёритилишини тўхтатишга ҳаракат қилишган ва асосий мавзу "йирик ҳалокат қаршисида ўзаро меҳр-муҳаббат билан туриш" бўлиши кераклигини айтишган.

Хитой матбуотига расмий томонни савол остига олмаслик буйруғи берилган.

Аммо, қатор газеталар темир йўл вазирлиги танқид қилинган мақолалар чоп этишга муваффақ бўлишган.

Айрим жабрланганлар, жумладан, 2 америкалик ва бир италиялик йўловчи, хабарларга кўра, тавон пулини рад этишган ва эвазига саволларига жавоб талаб қилишган.

Айни пайтда ҳалокат Хитойнинг тезюрар темир йўл технологиясини хорижга сотиш амбицияларига йирик зарбадир.