Сурия: Ҳамага ҳужум ортидан 'ўлганлар сони ортиб бормоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Суриядаги инсон ҳуқуқлари гуруҳига кўра, армия мамлакат шимолидаги Ҳама шаҳрига танклар билан ҳужум қилган, оқибатда камида 80 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари ҳар тўрт дақиқада снарядлар келиб тушаётганини айтишган ва шифохоналар ўлганлар ва яраланганлар билан тўлиб тошаётганидан огоҳлантиришган.

Ҳукумат эса, "қуролли гуруҳлар" полиция идораларига ўт қўйгани ва мол-мулкларга зиён етказганларини таъкидламоқда.

Ҳукуматнинг қўшимча қилишича, қуроллилар икки аскарни ҳам ўлдиришган.

Қўшма Штатлар тарафи ҳодисаларни Сурия ҳукуматининг ўз халқи билан "тўла уруш" ҳолати сифатида таърифлашган.

Американинг Дамашқдаги элчихонаси матбуот котиби Би-би-сига гапираркан, Ҳамадаги ҳужумлар Сурия ҳукуматининг мутлақ чорасизликдан қўл урган амали эканини айтган.

Би-би-сининг Дамашқдаги мухбири Лина Синжабнинг хабар қилишича, охирги ҳужум билан расмийлар Рамазон ойи олди йирик кўламдаги нотинчликларга тоқат қилинмаслиги юзасидан огоҳлантирмоқда. Унга кўра, ушбу ойда норозилик чиқишлари кучайиши кутилаётганди.

Бироқ, мухбиримиз Ҳама халқи ҳукуматга итоатсиз қолаётганини айтади. Айримлар ҳамон кўчаларга чиқиб: "Бизни яна бир бор ўлдиролмайдилар", дея қичқиришаётгани айтилади. Улар бу билан 1982 йилги қирғинни назарда тутишган. Ўшанда Президент Асаднинг отаси Ҳафиз ал Асад шаҳардаги Исломчилар исёнини бостириш учун қўшин йўллаган ва ўн минглаб инсонлар ўлдирилган.

Жорий пайтги норозилик чиқишларида демократик ислоҳотлар ва сиёсий эркинликлар талаб қилинган. Халқаро доирадаги қаттиқ танқидлар ва жазо чораларига қарамай, ҳукумат норозилик намойишларни қаттиққўллик билан бостиришга ҳаракат қилаётган эса-да, намойишлар кўлами пасаймаган.

Фаолларнинг айтишларича, Сурия бўйлаб март ойи ўрталарида бошланиб кетган норозиликларда 1, 500 мингдан ортиқ фуқаролар ва 350 нафар хавфсизлик ходимлари ўлдирилган.

Норозиликлар маркази

Мамлакат ичкарисидаги фаолларга кўра, қўшинлар ва танклар Ҳамага ҳужумларини тонг отиши билан бошлашган. Улар шаҳар марказига боришни олдини олиш учун маҳаллий одамлар томонидан ўрнатилган тўсиқларни босиб-янчиб ўтишган.

Ҳамадаги шифокорлардан бири телефон орқали матбуотга гапираркан, ўлганлар сони шиддат билан ўсиб бораётганини айтган.

Маҳаллий аҳолига кўра, электр ва сув таъминоит узиб қўйилган. Бу доим норозиликларни бостириш учун ҳарбийлик ҳужум қилишидан олдин қўлланиладиган усул экани айтилади.

Би-би-си мухбири Жим Муйрнинг қўшни Ливан пойтахти Байрутдан хабар қилишича, баланд иморатлар тепасида ҳам хавфсизлик кучлари ўрнашиб олишган.

Маҳаллий фаоллардан бирига кўра, шаҳар айрим қисмларида аскарлар танкларни ташлаб қочишган. Мухбиримизнинг айтишича эса, норози одамлар уч полиция станциясига ҳужум қилиб ёқиб юборишган.