Инфекцион касалликларни аниқлашнинг энг арзон ва қулай йўли топилди

Image caption mChip ВИЧ вирусини катта аниқлик билан топиб беради

Америкалик олимлар қонни текширадиган мўъжаз мослама асосида турли инфекцион касалликларни аниқлашнинг арзон йўлини ихтиро қилганлар.

Бу мослама mChip деб номланади ва унинг катталиги пластик карточкага тенг. Мутахассислар арзон ва содда қон текширадиган тест мосламаси дунёнинг чекка жойларида инфекцияни аниқлашда муҳим рол ўйнаши мумкинлигини айтадилар.

mChip инфекцияни бир неча дақиқада аниқлаши мумкин.

Руандада mChip воситасида ВИЧ ва сифилис инфекцияларини аниқлаш мақсадида синовлар ўтказилган.

Мослама ВИЧ инфекциясини 95 фоизга, сифилис инфекциясини 75 фоизга аниқлаб берган.

mChip мосламаси билан мижоз махсус клиникага бориш ва топширган анализларининг натижасини бир неча кун кутишдан қутулади, - дейди Нью-Йоркдаги Колумбия университетининг профессори, ушбу лойиҳанинг ихтирочиси Самуэл Сиа.

АҚШда янги мосламани ишлаб чиқиш учун кетадиган харажат тахминан 1 долларни ташкил этиши мумкин.

Тадқиқотчилар mChip ҳомиладор аёлларда учраши мумкин жинсий касалликларини аниқлашда, айниқса Африкада, қўл келиши мумкинлигини айтишади.

Янги мослама простата саратонини аниқлаш учун ҳам мослаштирилган.