АҚШ давлат қарзи келишуви ҳақидаги хабар жаҳон бозорларини жонлантирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Президент Барак Обама эълон қилишича, Республикачилар ва Демократлар раҳбарлари АҚШ давлат қарзи миқдорини ошириш бўйича келишувга эришганлар, техник дефолт олди олинган.

Аммо бу келишувни Конгресс тасдиқлаши талаб қилинади.

"Конгресс икки палатасидаги партияларнинг раҳбарлари бюджет дефицитини қисқартиришга ва дефолт олдини олишга имкон берадиган битимга эришганларини эълон қилмоқчиман. Дефолт бизнинг иқтисодимизни издан чиқарадиган оқибатларга олиб келадиган дефолт бўлиши мумкин эди", деган Президент Обама.

Давлат қарзини ошириш учун мўлжалланган энг охирги муддат 2 августгача этиб белгиланган.

Ҳозирги пайтда Америка Қўшма Штатларининг қарзи миқдори 14 триллион 300 миллиард долларни ташкил этган, қарзни камайтириш юзасидан баҳс икки партия вакиллари ўртасида анча давом этди.

Лойиҳага кўра, қарзнинг энг юқори нуқтаси 2 триллион 400 миллиард долларни ташкил этади.

10 йил мобайнида АҚШ бюджети харажат қисмини 1 триллион долларга камайтириш кўзда тутилади.

Президент Обама айтишича, бюджет дефицитини камайтириш мақсадида махсус комиссия ташкил этилади, бу комиссия ўзининг таклифларини ноябр ойида тақдим этади.

Америка қонунчилиги бўйича ҳар бир ҳукумат сарфлаши мумкин бўлган давлат қарзининг энг максимал даражаси махсус қонун билан белгиланади, Обама маъмурияти эса агар "қарзлар томига етиб борилган бўлса", иш ҳақлари ва бошқа тўловларни қандай тўлаши борасида тобора кўпроқ босим остида қолиб келаётган эди.

Президент Обаманинг АҚШ давлат қарзи борасидаги эълони жаҳондаги қимматбаҳо қоғозлар бозорига ижобий таъсир кўрсатган, Токио биржасида АҚШ долларининг қиймати Япония иенасига нисбатан кўтарилган.