Шинжон полицияси уйғур ҳужумчиларни отиб ўлдирганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

Хитойнинг Шинжон Уйғур бўлгаси полицияси хабар қилишича, дам олиш кунларидаги ҳужумларда айбланган ва қидирув эълон қилинган икки уйғурни отиб ўлдирган.

Қашғар расмийларига кўра, икки гумондор маккажўхоризорда яширинганлар.

Хитойнинг Синхуа ахборот агентлиги душанба куни отиб ўлдирилган шахсларни мусулмон уйғур эканликларини айтади.

Уларнинг 29 ёшли Маматали Тилаволди ва 34 ёшли Турсун Ҳасан эканлари хабар берилган.

Хитой расмийлари бу инсонларни Покистондаги жангарилар тайёрлайдиган жамлоқда ҳарбий тайёргарликлардан ўтганликда айблаганлар.

30 ва 31 июл кунлари Шинжон Уйғур бўлгасининг Қашғар шаҳрида юз берган зўравонликларда камида 20 инсон ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Расмийларга кўра, дастлаб Қашғардаги ресторанлардан бирига беш киши ҳужум қилган ва олти кишини ўлдирган, воқеа жойига борган полиция бу беш кишини отиб ўлдирганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Kashgar Police Department
Image caption Хитой расмийлари 29 ёшли Маматали Тилаволди ва 34 ёшли Турсун Ҳасанни Покистондаги жангарилар жамлоғида ҳарбий тайёргарликдан ўтганликда айблади

Қашғардаги Хитой расмийларига кўра, шанба куни кечқурун қўлида пичоғи бўлган икки киши оғир юк автомобилининг ҳайдовчисини ўлдириб, машинани оломон устига ҳайдаган, саккиз киши ўлгани, 28 киши яралангани хабар қилинган.

Зўравонликлар якшанба куни ҳам давом этган, Қашғар хиёбонларидан биридаги ресторан портлаган.

Расмийлар яна пичоқ билан қуролланган беш киши полициячиларга ва йўловчиларга ҳужум қилганини айтганлар.

Бу ҳодисада олти йўловчи ҳалок бўлгани, 12 киши яралангани хабар қилинган.

Зўравонликлар ортидан Шинжон коммунистлари фавқулодда йиғилиш ўтказганлар, шаҳарда комендантлик соати жорий этилган, аммо расмийлар комендантлик соати ҳақидаги хабарни рад этдилар.

Шинжон Уйғур бўлгаси икки ҳафта илгари ҳам зўравонликларга саҳна бўлган эди.

Хўтон шаҳридаги ҳодисаларда 18 киши ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Хитой расмийлари бўлгинчиларни давлат идоралари ва ходимларини гаровга олиш ва ҳужумларда айблаган, бироқ уйғур фаолларига кўра, Хитой ҳукумати тинч намойишчиларни ўққа тутиб, сўнг уларни ғалаёнчилар дея ёмонотлиқ этган.