Хитой глобал кибер ҳужумлар ҳақидаги даъволарни инкор этди

Хитойдаги интернет кафе
Image caption McAfee ширкати кибер ҳужумлар учун Хитойни тўғридан-тўғри тилга олмаган эсада, таҳлилчиларга кўра, ширкат ҳисоботида айнан Хитой назарда тутилган.

Хитой давлат матбуоти бутун дунё кибер ҳужумлар кампанияси ортида Хитой тургани ҳақидаги даъволарни "асоссиз айблов" дея рад этди.

Пайшанба куни компютерлар хавфсизлигини таъминловчи Американинг McAfee ширкати етмишдан ошиқ ташкилотлар, жумладан олти ҳукумат, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва мудофаа ширкатлари, охирги беш йил ичида хакерлар томонидан давомли ҳужумларга учраганини айтган эди.

Хитой Коммунист Партиясининг асосий нашрларидан бири - "Халқ Газетаси" чиқарган ҳисоботда Хитойни интернет ўғрилари сирасига киритиш "масъулиятсизлик" экани таъкидланади.

"Интернет ўғриларига Хитойни боғлаш масъулиятсизлик," деб ёзган "Халқ Газетаси".

Ҳисоботда Хитой расмийларидан иқтибос келтирилмаган, аммо мақолада McAfee айбловлари "куракда турмайди" деб ёзилган.

Қароргоҳи Калифорнияда жойлашган McAfee ўз ҳисоботида Хитойни ҳужумларга тўғридан-тўғри боғламаган, аммо интернет ҳужумларини "аниқ бир актёр томонидан беш йил давомида содир этилган," дея таърифлаган.

Washington Post рўзномаси билан суҳбатлашган бир неча экспертлар кибер ҳужумларда энг кўп гумон қилинган мамлакат Хитой эканини айтганлар.

McAfee кибер ҳужумларга қатор ҳукуматлар билан бирга Халқаро Олимпия Қўмитаси ва Associated Press Ахборот Агентлигининг баъзи идоралари ҳам учраганини айтган.

Қурбонлар орасида Канада, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Тайван, Қўшма Штатлар ва Ветнам ҳукуматлари бор, деб айтган McAfee.

Кибер ҳужумларда ҳадафга вирусли электрон мактублар йўлланган.

Июн ойида дунёнинг энг йирик интернет қидирув ширкати - Google "Хитойдан чиққан кибер-жосуслар АҚШ юқори мулозимлари, ҳарбийлари, журналистлар ва хитойлик сиёсий мухолифатининг Gmail ҳисобларини нишонга олмоқда," деган даъволар билан чиққанди.

Март ойида Австралия Бош вазири ва Бош прокурори компютерлари нишонга олинган ва унда ҳам асосий гумондор Хитой деб кўрилган эди.