Оврўпо биржаларида ҳиссалар нархи тушишда давом этмоқда

Ҳиссалар биржаси Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳиссалар нархи бутун дунё бўйлаб тушишда давом этмоқда

Оврўпо бозорларида ҳиссалар нархи тушишда давом этмоқда.

Сармоядорлар евро пул бирлиги ишлатилувчи мамлакатларда молиявий инқироздан ва кучсиз Америка иқтисодидан хавотирдалар.

Охирги кунларда жаҳон биржалари парокандаликка учрай бошлади.

Дунё биржаларида бўлиб ўтган савдолар сармоядорларга 2008 йилги ҳодисаларни эсга солмоқда.

Ўшанда Американинг Lehman Brothers банки касодга учраган ва жаҳон молиявий инқирози бошланган эди.

Пайшанба куни Американинг Dow Jones биржасида ҳиссалар нархи 4,31%, Nasdaq Composite биржасида эса 5,08% га тушиб кетди.

Лондон биржасидаги энг йирик 100та ширкат нархлари деярли 3,43% га тушди. Бу энг йирик 100та ширкат ҳиссаларининг нархи бир кунда умумий ҳисобда тахминан 80 миллиард долларга арзонлаганини англатади.

Лондон биржасида ширкатларнинг бозор нархидаги қиймати охирги дамларда 261 миллиард долларга, Франкфурт биржасида эса тахминан 120 миллиард долларга арзонлашди.

Оврўпо биржаларида ҳиссалар Оврўпо Марказий Банкаси муаммоли мамлакатлар қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишини эълон қилиши ортидан тушиб кета бошлади.

Зеро, иқтисодий масалаларда Би-би-си шарҳловчиси Стефани Фландерснинг тушунтиришича, Оврўпо Марказий Банкаси евро ҳудудида кредит берувчи муассиса бўлмаслиги керак.

"Оврўпо Иттифоқига аъзо давлатлар агар иттифоқдаги мамлакатлар касодга учрашса, Оврўпо Банки кўрган зарарни қайси давлатлар қоплаши кераклигини келишиб олишлари зарур", – дейди Стефани Фландерс.

Оврўпо Марказий Банки молиявий барқарорлик фондини 750 миллиард евродан 1 триллион еврогача юксалтиради, бироқ бу амалга ошиши учун бир неча ой керак бўлади.

Баъзи мутахассислар инқироз кучайиб бораётган бир пайтда вақтни бой бериш Оврўпога қимматга тушиши мумкинлигидан хавотирдалар.

Сармоядорлар диққат эътибори ҳозирда Италия ва Испаниядаги молиявий муаммоларга қаратилган.

Оврўпо Иттифоқининг молиявий буҳронга учраши бутун дунёни қамраб олиши турган гап.

Ҳалокат рўй бермаслиги учун Хитой ва АҚШ Оврўпо Иттифоқига ёрдамга келиши зарур бўлади.