Сўнгги янгиланиш 6 август 2011 - 11:42 GMT

Афғонистонда вертолёт ҳалокати 31 АҚШ аскарининг умрига зомин бўлди

Қўшма Штатларга тегишли вертолёт Афғонистон шарқидаги Вардак вилоятида ҳалокатга учраган. Президент Карзай идораси чиқарган баёнотга кўра, ҳодисада Америка махсус кучларидан 31 нафари ва 7 афғон аскари нобуд бўлган.

Ҳалокат қандай юз бергани қоронғу. Аммо, Толибон вертолётни ўзи уриб туширганини даъво қилмоқда.

Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабар қилишича ҳам, Президент Обама маъмуриятининг юқори мартабали расмийси вертолёт афтидан нишонга олинганини айтган.

Айтилишича, бу 2001 йил Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар бошланганидан бери бир ҳодисада шунча катта сонда талофат берилишидир.

Президент Карзай идорасига кўра, вертолёт жумадан шанбага ўтар кечаси ерга қулаган.

Ҳалокат рўй берган маҳал ҳарбийлар Толибонга қарши амалиётни тугатиб қайтишаётган бўлган.

НАТОнинг энг оғир талофатлари

6 апрел 2005 - Чинук Ғазни вилоятида ҳалокатга учраши натижасида 15 АҚШ аскари ва 3 қурувчи нобуд бўлган
28 июн 2005 - Чинук Кўнар вилоятида Толибон тарафидан уриб тушириларкан, 16 АҚШ ҳарбийси ҳаётдан кўз юмган
16 август 2005 - Ҳирот яқинидаги минтақада юз берган вертолёт ҳалокати 17 испан аскари умрига зомин бўлган
5 май 2006 - Кобул шарқида Чинук қулаб тушиши оқибатида 10 Америка аскари нобуд бўлган
18 август 2008 - Кобул шарқида пистирмага дуч келган 10 Франция аскари ўлдирилган
6 август 2011 - Чинук ҳалокатида 31 Америка махсус кучлари ҳаётдан кўз юмди

Яна бир хабарга кўра, амалиётда 8 исёнкор ҳалок этилган.

"Афғонистон Исломий Республикаси Қўшма Штатлар Президенти Барак Обама ва жабрланганларнинг оилаларига чуқур ҳамдардлик ва таъзия изҳор қилади", дейилади Карзай идораси чиқарган баёнотда.

НАТО етакчилигидаги Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари вертолёт ҳалокатини тасдиқлаган, аммо қурбонлар ва ҳодиса сабабларини ошкор қилмаган.

'Душманнинг иши'

НАТОнинг айтишича, ҳозир вертолётни қидириб топиш ва сабабларини ўрганиш амалиётлари кучайтирилган.

Толибон воизи НАТО етакчилигидаги кучлар Саидобод туманидаги исёнкорлар тўпланган уйга ҳужум қилганларини айтган.

Унинг иддао қилишича, шундан сўнг вертолётни ракета воситасида уриб туширилган. Саидобод Кобул вилоятига яқин жойлашган бўлиб, у ерда Толибон анчайин фаол экани айтилади.

Вардак вилояти ҳокимлиги воизидан иқтибос келтирилишича, у Толибон тарафининг даъволарига мос гапирган ва вертолёт кўтарилаётган маҳал нишонга олинган.

Маҳаллий шоҳидлардан бири Би-би-си мухбирига гапиришича, у вертолёт паст учаётганини кўрган. Шоҳид вертолётга ракета келиб теккани, кейин ўт кетиб, қулаб тушганини айтган.

Ишонилишича, ҳалокатга учраган Чинук русумли вертолёт бўлган. Афғонистондаги коалиция кучлари одатда қўшинларни жанг майдонига олиб келиш ва ортга қайтариш мақсадида Чинукдан фойдаланилади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.