Сурия танклари Дейр ал-Зуур шаҳрига ҳужум қилган

Суриядаги фаоллар хабар қилишларича, ҳукумат қўшинларининг Дейр аз-Зуур ва Ҳомс шаҳарларига ҳужумлари оқибатида 75 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, улар орасида 10 яшар бола ҳам бор.

Сурия шимоли-шарқида жойлашган Дейр аз-Зуур шаҳри март ойидан буён аксилҳукумат норозилик чиқишларининг маркази бўлиб келаётган эди.

Фаолларга кўра, шаҳарга ҳужумлар эрталабки намозга азон айтилиши билан бошланган, танклар шаҳарга қарата ўт очганлар.

Шаҳарга бир неча томондан танклар ҳамроҳлигидаги қўшинлар кириб борган.

Биргина Дейр аз-Зуур шаҳрида камида 50 инсон қурбон бўлгани хабар қилинган.

Шунингдек, Сурия ғарбидаги Ҳомс шаҳри яқинидаги Ҳула қишлоғига ҳужумда камида 26 инсон, жумладан 10 ёшли бола ҳам ҳалок бўлган, кўплаб кишилар жароҳатланган.

Аксилҳукумат намойишларининг бостирилиши халқаро миқёсда Сурия ҳукуматининг амалларини қоралаш овозлари тобора кучайиб бораётган пайтга тўғри келмоқда.

Бир кун илгари БМТ Бош котиби Пан Ги Мун Сурия Президенти Башар ал-Асад билан телефон орқали сўзлашган, бу мулоқот чоғи халқаро ҳамжамиятнинг Сурияда ортиб бораётган қурбонлар сонидан қаттиқ хавотири изҳор этилган.

Аммо Дамашққа борган Ливан Ташқи ишлар вазири билан суҳбатда Президент Башар ал-Асад, "йўлларни тўсиб, шаҳарларни ўраб олиб, аҳолини террор қилаётган бандитларга қарши кураш давлатнинг бурчи", деб айтган.

Якшанба куни кечқурун Араб Лигаси зўравонликларни тўхтатиш талаби билан чиққан.

Араб Лигаси Сурия ҳукуматидан март ойидан буён ислоҳотларни талаб қилиб келаётган намойишчиларга нисбатан зўравонлик қўллашни зудлик билан тўхтатишга чақирган.

Бу Сурияда ғалаёнлар бошланганидан буён Араб Лигаси эълон қилган энг кескин баёнот бўлган.

Араб Лигаси мамлакатда хавфсизлик вазияти ёмонлашиб кетаётганидан ўз хавотирини билдирган.

Айни пайтда Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон айтишича, Сурия билан узун умумий чегарага эга Туркиянинг "сабри ниҳоясига етиб бормоқда".

9 август куни Туркия Ташқи ишлар вазирининг Дамашққа ташрифи режаланган, унда расмий Анқаранинг "кескин мурожаати" етказилиши маълум қилинган.