Тибетнинг янги раҳбари қасамёд қилган, Далай-Лама руҳоний лидер бўлиб қолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Янги сиёсий раҳбар сайланиши ортидан Далай-Лама руҳоний раҳбар бўлиб қолади

Тибетнинг янги сиёсий раҳбари этиб 76 ёшар Далай-Лама ўрнига Гарвард университети битирувчиси, 43 ёшли ҳуқуқшунос Лобсанг Сангай тайинланган.

Ҳиндистонда бўлиб ўтган қасамёд маросимида қувғиндаги ҳукуматнинг янги раҳбари Хитой мустамлакачилигига қарши курашни давом эттириш, тибетлик қочқинларга ёрдам бериш ва Тибет мустақиллигининг қайта тикланиши учун қўлидан келганини қилишини ваъда этди.

У, шунингдек, Тибет озодлиги йўлидаги курашнинг рамзига айланган Далай-Ламанинг ёши ёки келажакдаги унинг муқаррар вафоти бу курашнинг ниҳоясига етганини англатмаслигини айтди.

Ўзининг сиёсий лидер сифатида сайланиши эса, унга кўра, Хитой ҳукуматига Тибет раҳбарияти ҳали ҳам мавжуд эканидан дарак беради.

Аммо, Лобсанг Сангай қувғинда яшаётган кўплаб тибетликлар каби Тибетда ҳеч қачон бўлмаган.

У 1968 йилда Ҳиндистонда туғилган. 1995 йилда АҚШга кўчиб ўтган ва у ерда халқаро ҳуқуқ соҳасида докторлик унвонини қўлга киритган.

Тибет раҳбари лавозимига Сангайни шу йил апрелида сайлашди. У яна икки номзод билан пойгада 55% овозни йиғишга муваффақ бўлган.

Тибетнинг қувғиндаги ҳукумати собиқ раҳбари, 76 ёшар Далай-Лама тибетликларнинг руҳоний раҳбари ролида қолади.

Баъзи таҳлилчилар аллақачон янги ёш раҳбар борасида ҳавотирларини изҳор қила бошлашган. Уларга кўра, янги раҳбар Хитойга нисбатан кескинроқ сиёсат олиб бориши ва бу шундоқ ҳам танг алоқаларни янада таранглаштириши мумкин.

Бироқ, Сангай Хитой халқ эмас, ҳукуматига қарши курашишини билдирди.

Айни дамда дунё бўйлаб биронта ҳам ҳукумат Тибетнинг қувғиндаги ҳукуматини алоҳида ва тўла ваколатли сиёсий куч сифатида тан олмаган.

Тибетнинг қувғиндаги ҳукумати Ҳиндистон шимолидаги Дхарамсала шаҳрида жойлашган.

У 1959 йилда Тибет ҳудудини ўзига қўшиб олиши ортидан Далай-Лама мамлакатни тарк этиши билан тузилган.