Британия: тартибни таъминлаш учун полиция резина ўқларни ишга солиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Манчестер, Бирмингем ва Ливерпулда юз берган тартибсизликлару ёшлар гуруҳларининг полиция билан кечган тўқнашувларига қарамай, ўтган тун Лондонда бироз осойишта кечган.

Пойтахт кўчаларига катта сондаги полиция ходимлари ташланган, тартибсизликларга қарши курашувчи қўшимча махсус бўлинмалар ҳам сафарбар этилган.

Бирмингем шаҳрида уч кишини машина уриб, ўлдирган. Уларнинг ўз маҳаллаларини ҳимоя қилаётган осиёликлар бўлгани айтилади.

Хабарларга кўра, ташмачиларни қувиб солиш учун полиция ходимларига резина ўқлардан фойдаланишга ҳам рухсат берилган.

Бирмингем яқинидаги Вест-Бромвич туманида безорилар бир қанча автомобилларга ўт қўйишган.

Манчестер шаҳри марказида бир қанча дўконлар вайрон этилиб, уларнинг кули кўкка совурилган.

Шаҳар чеккасида талончиларнинг қилмишларини тасвирга тушираётган Би-би-си телеоператорига ҳужум қилинган.

Бир гуруҳ безорилар бошқа автомобиллар қатори Би-би-сининг тасвирчилар гуруҳига тегишли машинани ҳам ағдариб, унга ўт қўйишган ва телеоператор ҳам дахлсиз қолмаган.

Кеча кун охирига бориб олинган хабарларга кўра, полиция Манчестерда 113 кишини ҳибсга олган.

Вест Мидландс туманида эса, жаъми 80 киши қўлга олинган.

Англияда ҳибсга олинганларнинг сони 768 тага етган, улардан 111 нафарига расман айбловлар эълон қилинган.

Ноттингамда элликка яқин ёшлар полиция идорасига ёқилғи солинган бутилкаларни ирғитишган. Айтилишича, ҳужум оқибатида ҳеч кимга зиён етмаган.

Ливерпулда ҳам бир гуруҳ ўсмирлар ёнғинни ўчиришларига ҳалақит бериш учун ўт ўчирувчиларга ҳужум қилишган.

Шаҳарда 35 киши ҳибсга олинган.

Глостер шаҳрида ҳам полиция ёшлар гуруҳлари ортидан тушган.

Сешанба куни Лондонда кўплаб дўконлар эрта ёпилган.

Жабрдийдалар ғазабда

Таътилини тўхтатиб, ортга қайтишга мажбур бўлган Британия Бош вазири Девид Камерон ва Лондон ҳокими Борис Жонсонлар тартибсизликлардан жабр кўрган туманлар аҳолиси билан учрашишган.

Жабрдийдалар 9 августга ўтар кечаси кўчаларда бирор бир полиция ходимларига кўзлари тушмаганидан шикоят қилиб, масъуллардан оддий аҳоли ва маҳаллий тадбиркорларни ҳимоя қилишни сўрашган.

Лондон полицияси эса, ҳозирча армиянинг иштирокига ҳожат йўқлигини айтмоқда.

Ҳарбийлар сўнгги бор 1919 йилда, полиция ходимлари иш ташлаш эълон қилган пайтларида Лондон кўчаларига сафарбар этилишган.

Британ Бош вазирининг маълум қилишича, эртага пайшанба куни таътилларидан эрта чақириб олинган парламент аъзолари иштирокида фавқулодда йиғин бўлиб ўтади.

Британия пойтахти тўртинчи кундирки ёшлар гуруҳлари ва полиция ўртасидаги қақшатқич тўқнашувларга саҳна бўлмоқда.

Ёнғинлар ва ташмачиликлар эса, Лондон қолиб, Англиянинг бошқа йирик шаҳарлари - Бирмингем, Ливерпул, Манчестер ва Бристолга ҳам ёйилган.

Давомий тартибсизликлар сабаб, Англия Футбол Уюшмаси Англия ва Голландия миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашувини бекор қилган. Ўйин бугун "Уэмбли" стадионида бўлиб ўтиши кутилаётганди.

Уэйн Руни ва Рио Фердинанд каби инглиз миллий терма жамоаси ўйинчилари ўз блогларида "зўравонликларни тўхтатиш" ва "осойишталик"ка чақиришган.

Бундан ташқари, шу ҳафтада 2012 йилги Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларининг бир қатор синов мусобақалари ҳам бўлиб ўтиши керак. Айни шу мақсадда Лондонга Халқаро Олимпия Қўмитасининг ҳайъати ҳам ташриф буюрган.

Бундан ташқари, Ўйинларга ҳозирликлар қандай кетаётганини муҳокама этиш учун турли давлатлар олимпия қўмиталаридан 200дан ортиқ вакилнинг ҳам Лондонга келишлари кутилмоқда.