Афғонистон марказий вилояти ҳокими биносига ҳужумда 19 инсон ҳалок бўлди

Портлаш саҳнаси
Image caption Жангларнинг бир неча соат давом этгани хабар қилинади

Афғонистон марказидаги Парвон вилояти ҳокимияти биносига уюштирилган қуролли ҳужумда камида 19 инсон ҳалок бўлган.

Парвони вилояти ҳокими биносига худкуш ҳужумчилар дохил бир неча қуролли ҳужум қилган.

Улар аввал машинага ўрнатилган бомбани портлатишган, сўнгра ҳукумат биносига бостириб киришган.

Афғонистон Ички ишлар вазирлигига кўра, жангарилар қароргоҳни соат ўн бирдан сал ўтганда нишонга олганлар.

Полициянинг айтишича, аввалига ичига бомба ўрнатилган машина портлаган, кейин эса белига бомба боғлаб олган жангарилар қароргоҳ ичига бостириб кирганлар.

Исёнчилар ва ҳукумат кучлари ўртасидаги жанглар бир неча соат давом этган.

Қароргоҳ ичида ўтаётган анжуманда полиция, хавфсизлик мулозимлари ҳамда бир қатор халқаро маслаҳатчилар бўлган.

Полиция ва хавфсизлик хизматларидаги манбаларнинг Би-би-сига билдиришларича, ҳукумат қароргоҳи бир неча йўналишдан ҳужумга тутилган.

Шоҳидларнинг айтишларича, жанглар шу қадар қақшаткич бўлганки, баъзида ҳукумат кучлари ҳужумчилардан атиги бир-икки метр узоқда бўлишган.

Вилоят полицияси бошлиғи Шермуҳаммад Маладонийнинг билдиришича, камида икки нафар Америка ҳарбий зобити йиғилишда иштирок этаётган бўлган, аммо уларга зарар етмаган.

Парвон вилояти ҳокими Абдул Басир Солангий ҳужумдан омон қолган ва кейинроқ ҳукумат биносида ичида жанглар бир соат давом этганини айтган.

У қароргоҳга бостриб кирган жангарилар олти нафар бўлганини айтган.

Парвон вилояти ҳокимининг қароргоҳи бундан аввал ҳам ҳужумга учраган.

Толибон сўнгги пайтларда ўз тактикасини ўзгартирган ва таниқли шахслар ҳамда яхши қўриқланадиган иншоотларни нишонга олишни бошлаган.