Исроил жанубида йўловчи автобуслар ўққа тутилган, инсоний талафотлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Исроил расмий хабарларига кўра, Миср билан чегарада автобус ва машиналарга қилинган қатор ҳужумларда камида беш киши ҳалок бўлган.

Беершева - Эйлат йўналишида ҳаракат қилаётган автобуснинг ўққа тутилиши оқибатида камида етти киши жароҳат олган, иккиси оғир аҳволда.

Ўққа тутилган машина ичида тўрт киши ҳалок бўлган.

Иккинчи автобусда бир киши ҳалок бўлган ва бир неча киши жароҳат олган.

Баъзи маълумотларга кўра, автобуслардан бирида Исроил аскарлари сафар қилишаётган бўлган.

Ҳамас ташкилоти вакили Салаҳ Бардавил воқега муносабат билдира туриб, "бу ҳужум Ғазо бўлгасидаги ишғол тажовузига табиий жавоб бўлмоқда ва Ҳамас сионистларга қарши ҳар қандай ҳужумларни қўллаб-қувватлайди," деб айтди.

Бироқ, у ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олишдан бош тортди.

"Ҳамасда ишғолчига қарши курашнинг аниқ стратегияси бор, ва бизнинг барча ҳужумларимиз ишғол қилинган ҳудуднинг ичидан олиб борилади. Шундай экан, биз чегаранинг нариги томонида қилинган ҳужумлар учун масъулиятни ўз бўйнимизга ола олмаймиз," деди у.

Синай шимолида вазият нотинч

Ҳужумлар дам олиш маскани дея танилган Эйлат шаҳридан 30 чақирим узоқликда юз берган.

Исроилнинг 10-канали хабарларига биноан, бир неча одам жон берган, бироқ улар исроиллик ёки ҳужумчилар экани борасида маълумот йўқ.

Бошқа маълумотларга кўра эса, иккинчи автобусга Миср ҳудудидан, бир неча километр масофадан танкларга қарши ишлатилувчи гранатомет ўқи отилган.

Лекин, Исроил армияси вакили иккинчи автобус йўл четига ўрнатилган бомбанинг дистанцион бошқарув орқали ишга солиниши натижасида портлатилганини айтган.

Исроил телевидениесининг 12-канали деразалари синган ва ўқ излари бўлган автобусни намойиш қилди.

Исроил радиоси хабарига биноан, биринчи автобус пистирмадан ўққа тутилган.