Беш чегарачиси ўлдирилиши ортидан Миср Исроилдаги элчисини чақириб олган

Image caption Ғазабланган намойишчилар Мисрдаги Исроил элчисини чиқариб юборишни талаб қилганлар

Миср ўзининг Исроилдаги элчисини чақириб олаётганини айтган, бу 18 август куни Исроил кучлари томонидан беш нафар Миср чегарачисининг ўлдирилганига жавобий амал экани хабар қилинган.

Расмий Қоҳирага кўра, рўй берган ҳодиса учун Исроил сиёсий ва ҳуқуқий жавобгар ва Исроилдан чегарачилар ўлими юзасидан тергов ўтказиш ва бунинг учун кечирим сўраш талаб қилинган.

Исроил чегарачилар ўлдирилганини текширишга ваъда берган, хабарларга кўра, Исроил кучлари Миср ҳарбийларини фаластинлик жангариларнинг изига тушган пайтда ўлдирганлар.

Бу сўнгги ўн йил мобайнида илк бор Миср ўзининг элчисини чақириб олаётганидир.

Зўравонликлар пайшанба куни қуролли шахслар Исроил жанубида жойлашган Қизил денгиз соҳилидаги Эйлат шаҳрида автобусларга ҳужум қилиб саккиз кишини ўлдирганларидан бошланган.

Миср расмийларига кўра, Исроил кучлари икки мамлакат чегарасида жангариларни қидирганлар ва бир неча кишини ўлдирганлар, улар орасида чегарачилар ҳам бўлган.

Жума тунида Қоҳирадаги Исроил элчилиги биноси қаршисида юзлаб ғазабланган мисрликлар йиғилганлар, улар Исроил байроғини ёқиб, Исроилнинг мамлакатдаги элчисини чиқариб юборишни талаб қилганлар.

Эйлатдаги ҳужумлардан кейин Исроил Синай ярим оролидаги хавфсизлик вазиятидан хавотирда эканини билдирган, фаластинлик жангарилар Миср ҳудудига Ғазодан Синай саҳросидан ошиб ўтишга муваффақ бўлганлар, деб айтган.

Миср расмийлари Синай ўзларининг назорати остида эканини айтганлар.