Исёнчиларнинг Триполига кириши билан нефт нархи тушишни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Жаҳон бозорлари Ливиядаги вазиятнинг барқарорлашишини кутмоқда

Исёнчилар пойтахт Триполига киришаркан, Ливиядаги уруш ниҳоясига етаётган бўлиши мумкин, деган умид нефт нархлари тушишига сабаб бўлган.

Душанба куни тонгги савдода қайта ишланмаган Brent нархи 1,8 фоизга тушган ва баррелига 106.7 долларни ташкил этган. Ливия енфт саноатидаги энг йирик хорижий ширкат - Италиянинг ENI ширкати ҳиссалари 5 фоизга кўтарилган, Франциянинг Total ширкати 3.5 фоиз, BP ва Shell ҳиссалари нархи эса 2.3 фоизга ошган.

Жаҳон бозорлари Ливиядаги урушнинг тугаши мамлакат экспорт салоҳиятини қайта тиклайди ва глобал таъминотни оширади, деб умид қилмоқда.

Ливия дунёнинг ўн иккинчи йирик нефт ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.

Таҳлилчилар нархларнинг тушишда давом этишини башорат қилишмоқда.

Ливиядаги уруш бошлангунича, мамлакат кунига 1.6 миллион баррел хом нефт ишлаб чиқарар эди.

Бу дунёдаги нефтнинг 2 фоизи, демакдир.

Аммо ммалакатдаги сиёсий беқарорлик кучайиб бораркан, ишлаб чиқариш кескин тушиб кетди ва дунёдаги нефт таъминоти камайди.

Таҳлилчилар нефт саноати қайта тиклана бошлаши билан Ливиядан кунига 1 миллион баррел нефтни кутиш мумкинлигини айтишмоқда.

Аммо айрим таҳлилчиларга кўра, гарчи Ливиядаги зиддият ечилаётган эса-да, нефт ишлаб чиқариш ҳажмининг урушдан олдинги даражага етиши учун хали вақт керак бўлади.