'Чегара билмас мухбирлар': Ўзбекистон онлайн назоратини кучайтирди

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатга ахборот эркин киришини назорат қилишга қаратилган "ўта хавотирли" қадамларини маъқулламаслигини айтди.

Ташкилот ой бошларида Ўзбекистонда ахборот воситаларини назорат қиладиган янги расмий қўмита ташкил этилганини қоралайди.

"Чегара билмас мухбирлар"га кўра, Ўзбекистон ҳукумати аллақачон мамлакатдаги барча турдаги матбуотни бевосита назорат қилиши ва Марказий Осиёга доир барча мустақил янгиликлар манбаларини филтрдан ўтказиши билан танилган.

"Ўтган бир неча ой асносида ҳукумат асосан янги медиани ёппасига ҳужумга тутишни бошлади ва жумладан, онлайнни филтрдан ўтказиш, назорат қилиш ҳаракатларини сезиларли равишда кенгайтирди ва ҳибс ҳоллари кўпайди", дейилади "Чегара билмас мухбирлар" чиқарган баёнотда.

Ташкилотга кўра, ушбу ҳаракатларнинг барчаси "Араб дунёси"да кечаётган ҳодисалар манзарасида қилинмоқда.

"Аммо, "Араб баҳори" ва ё миллий хавфсизлик масаласи ҳеч қандай шароитда цензурага баҳона бўлолмайди", дейди дунё бўйлаб матбуот эркинлигини тарғиб қилувчи ташкилот.

Унга кўра, онлайнга цензура ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатлар нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа бўйлаб кузатилмоқда.

"Чегара билмас мухбирлар" бу билан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг 12 август куни Остонада ўтган норасмий йиғинига ишора қилади.

Яқинда БМТнинг махсус маърузачилари, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Африка Комиссияси интернетдан фойдаланиш имконияти ҳаммага берилиши кераклиги хусусида декларация эълон қилганди. "Чегара билмас мухбирлар" минтақада онлайнни цензура қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтираётганидан хавотир билдириш билан бирга ҳукуматларни айни декларацияга мос иш тутишга чақиради.

Ўзбекистон ҳукумати 5 август куни мамлакатда матбуотни кузатиб борувчи "Ахборот ва оммавий коммуникация бўйича экспертлар қўмитаси"ни ташкил этишни маъқуллаган. Экспертлар барчаси ҳукумат хизматчилари ва қўмитанинг иши "бузғунчи ва фуқаролар ижтимоий онгига салбий таъсир қилувчи", "миллий маданий анъаналарга путур етказувчи" ва одамлар орасида "нафрат" уйғотувчи янгиликларни тутиб қолиш экани айтилади.