Сўнгги янгиланиш 27 август 2011 - 07:56 GMT

БМТ Ливиядаги инсоний инқирозга барҳам бериш учун ҳамкорликка чақирмоқда

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Пан Ги Мун Ливиядаги инсоний инқирозга барҳам бериш учун дунё раҳбарларини бир ёқадан бош чиқаришга ундади.

Жаноб Паннинг айтишича, сув, озиқ-овқат, ёқилғи ва дори-дармонлар танқислиги биргина пойтахт Триполининг ўзида миллионлаб кишиларнинг ҳаётларини хавф остига қўймоқда.

БМТ Бош котибига кўра, Ливиядаги сиёсий бўҳрон ҳам янги ва ҳал қилувчи паллага кирган.

Унга кўра, энди асосий эътибор ҳокимиятнинг силлиқ алмашинувини таъминлашга қаратилмоғи лозим.

Пан Ги Мун Ливия инқирозига зудлик билан барҳам бериб, тартиб ва осойишталикни таъминлаш зарурлигини урғулаган.

Бош котиб жаноблари, бундан ташқари, Африка Иттифоқини Ливия Миллий Муваққат Кенгаши билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳам чақирган.

Африка Иттифоқи, "ноқонуний" эканини айтиб, кенгашни шу пайтгача расман тан олмай келади.

Ливия пойтахти шарқида жанглар кечаётганига қарамай, исёнкорлар пойтахт Триполини деярли буткул эгаллаб олишганини даъво этишмоқда.

Шаҳарда бўлган мухбирларимизга кўра, кечаётган жанглар халқаро аэропорт ва унинг атрофида кузатилмоқда.

Улар ҳам Триполи маркази анча тинчиб қолганини айтишади.

Исёнкорлар шаҳарни эгаллашлари ортидан илк бор кеча - жума куни катта сондаги аҳоли намоз ўқиш учун масжидларга ҳам чиқишган.

Аммо пойтахтда электр таъминоти издан чиққан ва тоза ичимлик суви ҳам деярли имконсиз бўлиб қолган.

Сўнгги хабарларга кўра эса, полиция ходимлари аста-секинлик билан кўчаларга қайта бошлашган ва дўконлар ҳам очилмоқда.

Даҳшатли манзара

Жанглар тинчиб бораркан, шу кунларда Триполи ва унинг атрофларида содир этилган инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларига оид хабарлар ҳам кўпайган.

Жума куни Абу Салим туманидаги шифохонада икки юздан ортиқ инсоннинг чирий бошлаган жасадлари топилган.

У ерда бўлган мухбирларимизнинг айтишича, туманда кечган жанглар сабаб, шифохонада бирор бир шифокор ва ҳамшира бўлмаган.

Марҳумларнинг қачон ҳаётдан кўз юмганликлари ёки уларни кимдир ўлдирганми, йўқлиги маълум эмас.

Шифохонани бориб кўрган мухбиримиз Жон Симпсон ўзи дуч келган манзарага инсон ақли бовар қилмаслигини айтади.

Унга кўра, шифохонадаги ҳидга чидаб бўлмайди ва поллари эса, қуюқ қонга беланиб кетган.

Аввалроқ "Амнести Интернейшнл" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти ҳам қаддофийпараст кучлар ва ҳам исёнкорлар маҳбусларни таҳқирлашганига оид далилга эга эканлигини баён қилганди.

Халқаро ташкилотнинг айтишича, полковник Қаддофийга мойил қўриқчилар Абу Салим қамоқхонасидаги болаларни жинсий зўрлашган. Исёнкорлар эса, маҳбусларни калтаклашган.

БМТ Ливия бўйича фаолият олиб бораётган тергов ҳайъати ёрдамида оммавий қотилликлар ва қийноқларга оид хабарларни текширишини айтмоқда.

Бирлашган Миллатлар бундан сал аввалроқ айрим хабарларнинг уруш жиноятлари ёки инсониятга қарши жиноятларга тенг бўлиши мумкинлигини ҳам билдирганди.

Сирт қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда

Ливия раҳбари Муаммар Қаддофийнинг она шаҳри ва сўнгги таянч нуқтаси Сирт шаҳрига кириб боришга уринаётган исёнчилар қаттиқ қаршиликка дуч келишмоқда.

Хабарларга кўра, полковник Қаддофийга мойил кучлар уларни устма-уст ракета ҳужумига тутишмоқда.

Исёнчилар қўмондони худди шу сабаб Сирт яқинидаги мавқеъларини ташлаб чиқиб, бандаргоҳ Рас Лануф шаҳрида жойлашаётганликларини билдирган.

Ливия ғарбида эса, улар Тунис билан икки муҳим чегара кесишув нуқтасини қўлга киритишган.

Рейтер ахборот агентлигига кўра, Триполидаги исёнкорлар қўмондони Абдил Ҳаким Белҳаж бундан буёғига Ливиядаги барча исёнчи гуруҳлар бир қўмондонлик остига олинишини маълум қилган.

Чунки Қаддофий тузумининг қулатилиши ортидан, исёнчи кучларнинг бўлиниб кетишларига оид хавотирлар ҳам юзага чиқаётганди.

Исёнкорларнинг айтишларича, янги ҳукумат тузиш масаласини муҳокама этиш учун Бенғозидаги лидерларининг ярми пойтахт Триполига қараб йўлга тушишган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.