Суриядаги телеканал Муаммар Қаддофийнинг аудиомурожаатини эълон қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Трполидаги намойишчилар қўлларида Қаддофийнинг эмас, Миллий Ўтиш даври Кенгашининг байроқларини тутганлар

Суриядаги "Ал-Раъй" телеканалида Ливиянинг қудратдан ағдарилган раҳбари Муаммар Қаддофийнинг ўн дақиқалик аудиомурожаати эшиттирилган, унда собиқ раҳбар узоқ қуролли курашга тайёр эканини айтган.

Полковник Қаддофий таслим бўлмаслигини билдирган.

Ушбу мурожаати Муаммар Қаддофийнинг ҳокимиятга келганининг 42 йиллиги муносабати билан эълон этилган мурожаат бўлган.

Бундан олдинги йилларда 1 сентябр Ливиядаги монархия қудратдан кетказилган ва Қаддофий ҳокимияти ўрнатилгани санаси сифатида катта байрам қилинган.

Бу йил пойтахт Триполидаги асосий хиёбонда намойишчилар йиғилганлар, уларнинг қўлларида Қаддофий ҳокимиятининг яшил эмас, Миллий Ўтиш даври Кенгашининг қора, яшил ва қизил байроқлари бўлган.

Полковник Қаддофийнинг Сурия телеканали эълон қилган овозли мурожаати тўсатдан тўхтаб қолган, сўнг мусиқа бошланган.

Муаммар Қаддофийнинг қаерда эканлиги ҳамон номаълум қолмоқда.

Париждаги Ливия келажагига бағишланган анжуманда эса мамлакатнинг ўтиш даври раҳбарлари тоқатли ҳамда қонунлар ҳурмат этиладиган жамият қуришга ваъда берганлар.

Миллий Ўтиш даври Кенгашининг раҳбари Мустафо Абдул Жалил яқин 18 ой мобайнида Ливияда янги конституцияни қабул қилиш ҳамда эркин демократик сайловлар ўтказишга ваъда берган.

Image caption Париждаги 63 мамлакат вакиллари тўпланган анжуманда Ливияга тегишли 15 миллиард доллар атрофида маблағни қайтаришга ваъда берилган

Париж анжуманида жаҳоннинг 63 мамлакати музлатилган маблағларни Ливия халқига қайтаришга ваъда берганлар.

Ушбу маблағлар жами 15 миллиард АҚШ долларига тенг деб кўрилади.

Анжуманда НАТО кучларининг ҳаво ҳужумларини давом эттиравериши маълум қилинган, бу ҳужумлар Ливиянинг собиқ раҳбари полковник Қаддофий таҳдиди бартараф этилмагунча тўхтатилмаслиги айтилган.

Шу вақтгача Ливия муваққат раҳбарларини шу пайтгача эътироф этмай келаётган Россия ҳам Миллий Ўтиш даври Кенгашини мамлакатнинг қонуний ҳокимияти деб тан олган.

Ливиянинг ўзида эса Қаддофийнинг она шаҳри Сирт атрофи ўраб олинган, шаҳарда қолаётган Қаддофий тарафдорлари бўлган кучларга таслим бўлиш шарти илгари сурилган.

Дастлаб Ливия Миллий Ўтиш даври Кенгаши қаддофийчиларга 3 сентябргача қуролларини ташлаш учун муҳлат берган эди.

Энди ушбу муҳлат яна бир ҳафтача чўзилган, Ливия янги раҳбарлари бу орада қабила оқсоқоллари билан Сирт шаҳрини тинч йўл билан топшириш борасида келишувга эришишга умид қилмоқдалар.