Эроннинг атом электр станцияси мамлакат энергетика тизимига уланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Эрон давлат матбуоти хабар қилишича, мамлакатнинг биринчи атом электр станцияси энергетика тизимига уланган.

Расмийларга кўра, 1000 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқаришга қодир Бушеҳр Атом электр станцияси ҳозирги пайтда 60 мегаватт қувват бермоқда, кейинчалик бу кўрсаткични ошириш мўлжалланмоқда.

Бушеҳр АЭСи генераторининг электр қувватини ишлаб чиқариши жараёни шу йил май ойида бошланган, бу эса Исроил ва бошқа мамлакатларнинг Эроннинг ядровий қурол яратиши борасидаги хавотирларини янада кучайтирган эди.

Теҳрон ўзининг ядровий дастури мутлақо тинч мақсадларга қаратилганини айтиб келади.

Лекин БМТнинг Халқаро Атом энергияси бўйича агентлиги Эрон махфий равишда ядровий қурол дастури унсурлари устида иш олиб бораётганидан "ҳаддан зиёд хавотирда" эканини билдирган.

Эрон Атом Энергияси ташкилотига кўра, атом электр станцияси 3 сентябр куни маҳаллий вақт билан 23.30 да энергетика тизимига уланган.

Бушеҳр Атом электр станциясининг қурилиши 1970 йилларда бошланган, унинг ишга туширилиши 2010 йилга мўлжалланган, лекин кўплаб маротаба ортга сурилган.

АЭС лойиҳаси Эронда 1979 йилда исломий инқилоб юз берганидан кейин 1990 йилларнинг ўрталаригача тўхтатиб қўйилган эди.

Россиянинг миллиард долларлик кўмаги билан расмий Теҳрон Бушеҳр қурилишини ниҳоясига етказишга муваффақ бўлган.

Шу йилнинг феврал ойида Бушеҳр Атом электр станциясидаги ядровий ёқилғини чиқариб олишга тўғри келган, Эрон расмийлари ушбу амалга "техник сабаблар туфайли" қўл урилганини билдирганлар.

Асл сабабларидан бири АЭС фаолиятини бошқарадиган компютер тизимига вирус тушгани бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.

АҚШ ва бошқа Ғарб мамлакатлари бир неча йиллардан буён Россияни Бушеҳр АЭСи лойиҳаси бўйича Эрон билан ҳамкорлигини тўхтатишга даъват этиб келишади, Россиянинг кўмаги билан Эрон атом қуроли барпо этиши мумкинлигидан огоҳлантирилган.

Бироқ келишувда ишлатилган ёдровий ёқилғини Россияга қайтариш мажбуриятини расмий Теҳрон ўз зиммасига олгани хавотирларни аритган.

Шу йил феврал ойида Фан ва Халқаро хавфсизлик институти - Isis Эрон "ўзининг қатор мажбуриятларини бажармаётган"ини айтган.

Дунёнинг олти мамлакати Эроннинг ядровий дастури бўйича музокараларга киришган ҳамда уранни тўйнтиришни тўхтатиш талабларини бажармагани учун БМТ Хавфсизлик Кенгаши Эронга нисбатан жазо чораларини жорий этган.

Бойитилган урандан ҳам тинч мақсадда, ҳам ядровий қурол барпо этишда фойдаланиш мумкин.