Покистонда ҳукуматпараст қавмларни жазолаш учун 20дан ортиқ ўсмир ўғирлаб кетилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Покистондаги Толибон ҳаракатига кўра, жангариларга қарши курашаётган ҳукуматпараст қавмларни жазолаш мақсадида 25 нафар ўғил бола ўғирлаб кетилган.

Мамунд қавмидан бўлган ўнлаб ушбу ўсмирлар пайшанба куни Афғонистон билан чегара яқинида жойлашган Бажаур минтақасида сайрга чиққан пайтлари олиб қочилган.

Тутқундагиларни озод қилиш ҳаракатларига ҳозир уларнинг яқинлари ва қабила оқсоқоллари ҳам қўшилишган.

Мамунд қавми аъзолари чегаранинг ҳар икки томонида ҳам истиқомат қилишади.

'Оилалар қайғуда қолган' Толибон воизи Эҳсонуллоҳ Эҳсоннинг айтишича, ушбу катта сондаги одам ўғирлаш режа асосида амалга оширилган ва жангарилар Рамазон ҳайити таътили пайти ўсмилар табиат қўйнига дам олишга чиқишларини аввалдан билишган.

Воизга кўра, болалар тақдирини Бажаурдаги Толибон кенгаши ҳал қилади.

У ўғирлаб кетилганларнинг аксари ёш болалар эканини рад этган.

Бироқ, жангарилар чангалидан қочишга муваффақ бўлган шоҳидлардан бири Воҳидуллоҳга кўра, ўғирланганларнинг аксари 18 ёшдан кичик бўлишган, улар орасида 10 яшарлари ҳам бор.

Толибон қўлидан қолаётганлардан бири - 14 ёшли Раҳматуллоҳнинг отаси Муҳаммаджон: "Оиламиз ўта қайғуда. Қўлимиздан келадигани унинг омон қайтишини тилаб дуо қилиш", дейди. Толибонга кўра, улар ўсмирларни қўйиб юбориш эвазига Покистонда ушлаб турилган баъзи аъзоларини озод этишни талаб қилишмоқда. Аммо, бу даъволар Покистон расмийлари тарафидан тасдиқланмаган.

Ўтган бир неча йил асносида Мамунд қавми Покистон ҳарбийлиги билан ҳамкорлик қилиб келади.

Покистон ҳукуматига кўра, ушбу ҳамкорлик ҳудудни Толибон таъсиридан халос қилишга ёрдам берган.

Ҳукумат кўплаб жангарилар чегаранинг нариги томони-Афғонистон шарқидаги Кўнар вилоятида ин қуришгани ва улар ўша ердан туриб Покистон шимоли-ғарбига ҳужумларини амалга оширишларини айтади.