Покистонда "Ал-Қоида" раҳбарларидан Юнус ал-Мавританий қўлга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Юнус ал-Мавританий ҳақида маълумот унча кўп эмас

Покистон армиясига кўра, "Ал-Қоида" тармоғининг нуфузли раҳбарларидан бирини икки ёрдамчиси билан бирга қўлга олишган.

Ҳарбийларнинг баёнотига кўра, Юнус ал-Мавританий тармоқнинг халқаро миқёсда олиб борган амалиётларини режалаштиришган ва уларни амалга оширган.

Оқ уй унинг қўлга олинишини олқишлаб чиққан.

Покистон армияси баёнотига кўра, Юнус ал-Мавританий ва унинг икки шериги Покистон жануби-ғарбидаги Кветта шаҳри атрофида қўлга олинган.

Қолган икки шахснинг Абдулғаффор аш-Шомий ва Мессара аш-Шомийлар экани хабар қилинган.

"Амалиёт Қўшма Штатлар Истиҳборот агентликлари техник ёрдами билан режалаштирилди ва амалга оширилди. Америка истиҳборот агентликлари билан Покистоннинг Истиҳборот Хизматлари агентлиги кучли, тарихий ришталарга эга", дейилади Покистон расмийлари эълон қилган баёнотда.

Ушбу ҳибс қачон амалга оширилгани хабар қилинмаган.

Покистон расмийлари эълон қилган баёнотда айтилишича, Юнус ал-Мавританий шахсан Усама бин Лодиннинг кўрсатмаси билан иш тутган.

"У Қўшма Штатларнинг иқтисодий иншоотларига, хусусан, газ, нефт қувурларига, электр ишлаб чиқарадиган тўғонларига ҳужумларни, халқаро сувларда портловчи моддалар билан нефт ортилган кемаларни портлатишни режалаштирган", дейилади Покистон ҳарбийларининг баёнотида. Усама бин Лодиннинг Юнус ал-Мавританийдан "Америка Қўшма Штатлари, Оврўпо ва Австралиянинг иқтисодий муҳим нишонларига эътибор қаратишни" сўрагани айтилган. Америка расмийлари айтишича, "Ал-Қоида"нинг амалий ҳаракатларга масъули Юнус ал-Мавританийни тириклайин қўлга киритиш махсус хизматларнинг устувор вазифаси ҳисобланиб келган.

Оврўподаги истиҳборот хизматларидаги манбалар, Юнус ал-Мавританий 2008 йил Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳрида уюштирилганига ўхшаш қўш ҳужумларни Оврўпо мамлакатларида режалаштиришга ҳам бош қўшган.

Бу маълумотни 2010 йил июлида қўлга олинган олмониялик афғон Аҳмад Сиддиқий сўроқ пайтида айтган.

"Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодин шу йилнинг май ойида Покистондаги уйида Америка махсус кучлари томонидан ўлдирилганди.

Тармоқнинг нуфузли раҳбарларидан бири қўлга олингани ҳақидаги хабар АҚШ расмийлари учувчисиз бошқариладиган учоқдан отилган ракета Афғон-Покистон чегарасида "Ал-Қоида"нинг етакчи раҳбарларидан бири Атия Абдуларҳмонни ўлдиргани ҳақида хабар тарқатганларидан бир ҳафта ўтиб эълон қилинмоқда.

Покистон расмийлари эса Атия Абдулраҳмоннинг ўлдирилгани ҳақидаги хабар ўз тасдиғини топмаганини айтганлар.

Май ойида пойтахт Исломободга яқин Абботобод шаҳридаги ҳовлисида Усама бин Лодин Америка махсус кучлари томонидан ўлдирилганидан кейин Покистон билан АҚШ муносабатлари совуқлашгани кузатилди.

Шунингдек, АҚШ учувчисиз учоқлари ҳужумларининг Покистоннинг Афғонистонга чегарадош ҳудудларига кўпайгани ҳам икки мамлакат ўртасидаги алоқаларга салбий таъсир кўрсатган.

Июл ойида АҚШ Покистонга ваъда қилинган юзлаб миллион долларлик ҳарбий ёрдамларини тўхтатиб туриши ҳақида эълон қилган.