Россия 'Шимолий оқим' қувури бўйича Олмонияга газ узатишни бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Ria Novosti

Россиянинг давлат назоратидаги "Газпром" ширкати ва унинг Олмониядаги ҳамкорлари Болтиқ денгизи тубидан тортилган янги "Шимолий Оқим" газ қувурини синовдан ўтказишни бошлаганлар.

"Шимолий оқим" Россияни тўғридан-тўғри Олмонияга боғлайди, Россиянингшу пайтгача Оврўподаги газ истеъмолчилари билан боғлаб келган Украина ва Полша ҳудудларини четлаб ўтади.

Техник газ узатишни бошлаш маросимида Россия Бош вазири Владимир Путин қатнашган, унинг айтишича, янги газ қувури Россиянинг Украина билан муносабатларини "янада маданийлаштириш" имконини беради.

"Шимолий оқим"газ қувурининг расмий фойдаланишга топшириш маросимини шу йил ноябрида Олмонияда ўтказиш режалаштирилган.

Газ мурватини бураб очиш тантасида Президент Дмитрий Медведевнинг иштирок этиши хабар қилинган.

Ўшанда газ истеъмолчиларга узатила бошланади.

Лекин 12 миллиард долларлик газ қувури бугунги кунда асосан қуриб битказилган.

"Шимолий оқим"ни барпо этиш ҳақидаги битим ўша пайтда Россия президенти бўлган Владимир Путиннинг 2005 йилда Олмонияга сафари мобайнида имзоланган эди.

Янги газ қувури икки линиядан иборат, ҳар бир газ қувурининг узунлиги 1200 километрдан зиёдни ташкил этади ва йилига қарийб 30 миллиард кубометрни газни Россиядан тўғри Олмонияга етказиш имконини беради.

"Шимолий оқим"нинг биринчи линияси шу йилнинг августида қуриб битказилган эди.

Расмийларга кўра, иккинчи қувур йўли кейинги йилда фойдаланишга топширилади.

Янги газ қувурининг ишга туширилиши Россия билан Украина ўртасида яна газ баҳси бошланган пайтга тўғри келган.

Украина Россия талаб қилаётган янги газ нархидан норозилик билдирган, Россия эса ўзининг ҳар 1000 кубометр газ учун 355 АҚШ долларлик ҳақ сўраётгани адолатли эканини ҳатто маҳкамада исботлашга тайёр эканини билдирган.