Туркия Исроил билан ҳарбий алоқаларини буткул тўхтатаётганини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон: Исроил минтақада ўзини "эрка боладек" тутаяпти

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг айтишича, мамлакати Исроил билан барча ҳарбий алоқаларни тўхтатади.

Бу Исроилнинг 2010 йилда Ғазога йўл олган "Озодлик" флотилияси"га ҳужуми оқибатида тўққиз Туркия фуқароси ўлдирилгани учун кечирим сўрашдан бош тортишига жавобан ҳамда Туркиядан Исроил элчиси чиқариб юборилиши ортидан қўйилаётган қадам бўлаётир.

Ўтган ҳафта Бирлашган Миллатлар ташкилоти Исроилнинг Ғазо бўлгасига йўл олган Туркия кемасини тўхтатиш мақсадида қўллаган ҳаракатини "ортиқча куч қўллаш" дея таърифлаган, бироқ Исроилнинг бўлгани денгиз томондан қамалга олганини қонуний деб топган эди.

Туркия ушбу ишни БМТнинг Халқаро Адолат маҳкамасига топширишга ваъда берган.

Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон Исроил билан мудофаа алоқалари буткул тўхтатилади, деб айтган.

"Биз Исроил билан ҳарбий-техник ҳамкорлигимизни буткул тўхтатамиз. Бошқа чоралар ҳам кўрилади", деб айтган жаноб Эрдўғон.

Туркия бош вазири бошқа чоралар нималарни назарда тутишини очиқламаган.

Туркия 2 сентябр куни Исроилнинг элчисини чиқариб юборган.

Исроил махсус амалиёт чоғида инсонлар ҳалок бўлганидан афсус билдирган.

Бироқ жаноб Эрдўғон "Озодлик" флотилиясига уюштирилган рейдни "ёввойилик" деб атаган, Исроил минтақада ўзини "эрка бола"дек тутаяпти, деган.

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Жонатан Хед ёзишича, Туркия билан Исроил охирги йигирма йил мобайнида аҳамиятли ҳарбий ҳамкорликка эришганлар, бироқ бу ҳамкорлик миқёси сўнгги йилларда камайгани кузатилган.

Туркия Исроил билан АҚШда ишлаб чиқарилган ўзининг ҳарбий учоқ ва танкларини такомиллаштириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйган ва бу ишлар бугунга келиб ниҳоясига етказилган.

Туркия Исроилдан олган энг охирги 10 та учувчисиз бошқариладиган учоқ ҳам Туркияга етказилган ва расмий Анқара бундан кейин бошқа учоқлар харид қилиш истагида эмас.

Бироқ, Би-би-си мухбири ёзишича, бу учоқларни ишлатишда Туркия Исроил мутахассисларининг техник кўмагига муҳтож бўлади.

Учувчисиз бошқариладиган учоқлар эса Туркиянинг Курд исёнчиларига қарши курашида муҳим рол ўйнайди.

Туркия жануби-шарқида жанговор амалиётларда қатнашаётган Туркия ҳарбийлари учун муҳим Исроилда ихтиро этилган зирҳли автомобиллар корхонасига ҳам ушбу ўзгаришлар салбий таъсир кўрсатади.

Ўтмишда Туркия ҳарбийлари ўзларининг эски иттифоқчилари ҳисобланган Исроил билан муносабатларнинг бу даражада ёмонлашишига йўл қўймаган бўлардилар.

Бироқ бу йил Туркия генераллари ноҳарбий ҳукумат босими остида, бу ҳукумат эса Исроилдан норози эканини яшириб ўтиришни истамаяпти, дейди Би-би-си мухбири.

2010 йилнинг 31 май куни Туркия байроғи остида Ғазо бўлгасига йўл олган "Мовий Мармара" кемасини Исроил махсус кучлари халқаро сув ҳавзасида тўхтатган, кема бортида бўлган ғазопараст фаолларга ҳужум қилган эди.

Ўз вақтида Исроил ҳарбийлари ўз ҳарбийлари кемага тикучарлардан тушганларидан кейин калтаклар, пичоқлар ва қуроллардан ҳужумга тутилганларидан кейин ўт очишганини айтишган, бироқ кемадаги фаоллар Исроил ҳарбийлари тушишлари билан ўт очишни бошлаганларини айтганлар.