Россия учоғи қулаши оқибатида 43 инсон нобуд бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳали ҳалокат сабаблари очиқлангани йўқ

Россияда муз устида хоккей бўйича маҳаллий жамоани олиб учган самолёт қулаб тушиши оқибатида 43 инсон нобуд бўлган.

Хабарларга кўра, учоқ Москва шимоли-шарқидан 250 чақиримча узоқдаги Ярославл шаҳри аэропортидан кўтарилганидан кўп ўтмай ёна бошлаган.

Муз устида хоккей бўйича Ярославлнинг "Локомотив" хоккей жамоаси аъзолари Белорус пойтахти Минскка кетишаётган бўлган.

"Туношна" аэропортидан ҳавога кўтарилган "Як-Сервис" авиаширкатига тегишли Як-42 самолёти 16:05лар атрофида аэропром ҳудудида қулаб тушган. "Туношна" аэропорти Ярославлдан 17 километр узоқда жойлашган.

Расмийларга кўра, ҳодиса ортидан 2 киши бедарак кетган. Ҳали ҳалокат сабаблари очиқлангани йўқ. Як-42 русумли учоқ ўрта ҳажмли 100дан ортиқ йўловчига мўлжалланган бўлиб, ҳавога кўтарилган пайт бордда 45 киши бўлгани тахмин этилади.

Хориж фуқаролари

"Локомотив" хоккей клуби пайшанба куни Минскнинг "Динамо" жамоаси билан муз устида хоккей бўйича Қитъа хоккей лигаси ўйинлари очилишида учрашиши керак бўлган.

Клуб таркибида россияликлар билан бирга хорижий фуқаролари - Олмония, Швеция ва Словакия каби мамлакатлардан ҳам хоккейчилар бўлишган.

Ҳозир ўлганлар орасида жамоанинг нечта аъзоси борлиги аниқ эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россия ҳаво транспорти хавфсизлиги бўйича аҳвол абгор мамлакатлардан биридир. Жорий йилнинг июлида Россия шимолида йўловчи учоқнинг ҳалокатга учраши оқибатида 44 инсон нобуд бўлганди.

Президент Медведев ушбу саноатни қайта кўриб чиқиш ва Совет давридан қолган учоқлар хизматидан фойдаланишни тўхтатишга ваъда берганди.