Муаммар Қаддофий ўзининг Ливияни тарк этгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Халқаро Жиноят маҳкамаси Муаммар Қаддофийга қидирув эълон қилган

Ливиянинг қудратдан ағдарилган раҳбари Муаммар Қаддофий ўзининг қўшни Нигерга қочгани ҳақидаги хабарларни ёлғон ва “руҳий уруш” деб атган.

Сурия телевидениеси полковник Қаддофийнинг телефон орқали қилган баёнотини эшиттирган, афтидан бу қўнғироқ Ливиянинг ичкарисидан бўлган.

Муаммар Қаддофий ўзининг кучлари НАТО ва Миллий Ўтиш даври Кенгашини мағлуб этади, деб айтган.

Бундан олдин Нигер эълон қилишича, мабодо Муаммар Қаддофий мамлакат ҳудудига кирадиган бўлса, қандай йўл тутиш устида бош қотиришаяпти.

Нигер ташқи ишлар вазири Муҳаммад Базум Би-би-си билан суҳбатда, бундан илгари мамлакат ҳудудига кирган ливияликларнинг автомобил карвонида Муаммар Қаддофий ҳукуматидаги мулозимлар бўлганини, бироқ на Қаддофийнинг ўзи, на ўғли бу карвон таркибида бўлмаганини айтган.

Жаноб Базумнинг айтишича, расмий Ниамей полковник Қаддофийни қабул қилиш-қилмаслик ёки Халқаро Жиноят маҳкамасига топшириш масаласида кейинроқ бир қарорга келади.

Бир неча кун олдин Ливиядан Нигерга ўтган кўп сондаги автомобиллар карвонида Муаммар Қаддофий бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Кўп сонли автомобиллар карвони Ливиядан Нигерга ўтган

Ливия исёнчиларининг раҳбарлари Нигер раҳбариятидан полковник Қаддофийни қабул қилмасликни сўраган.

Нигер Халқаро Жиноят маҳкамаси ва унинг қарорларини эътироф этган мамлакат ҳисобланади.

Халқаро Жиноят маҳкамаси шу йил бошида Ливияда бўлиб ўтган аксилҳукумат намойишчиларининг ўлимига айбдорлик билан полковник Қаддофий, унинг ўғли Сайфулислом ва Ливиянинг собиқ жосуслик хизмати раҳбари Абдулла Сануссийга қидирув эълон қилган.

Олдинроқ Нигерга қўшни Буркина-Фасо Муаммар Қаддофийга бошпана таклиф этгани хабар қилинган, бироқ мамлакат расмийлари бу хабарларни рад этганлар.

Қаддофийнинг рафиқаси, икки ўғли ва қизи Жазоирдан бошпана олганлар.

Мамлакатнинг ўзида Миллий Ўтиш даври Кенгаши ҳамон Қаддофийга содиқ кучлар ўз назоратида ушлаб турган шаҳарларни қон тўкмасдан қўлга олиш борасида музокараларни давом эттирмоқда.

Булар Бани Валид, Жуфра, Сабҳа ва Қаддофий туғилиб ўсган Сирт шаҳарларидир.

Бани Валид яқинида исёнчилар қўшинлари туришипти, муваққат ҳукумат қавмлар оқсоқоллари билан музокаралар шанба кунигача давом этишини маълум қилишган.

Бироқ ўзининг Сурия телевидениесига телефон қўнғироғида полковник Қаддофий душманлари устидан ғалаба қилишга қодирмиз, деб айтган.