'Баха Мусо ўлими Британия армиясидаги интизомнинг жиддий бузилиши оқибати'

Image caption Баха Мусонинг танасида 93 жароҳат изи топилган

Британияда 2003 йилда Ироқ қамоқхонасида қийноқлар остида ҳалок бўлган Баха Мусонинг иши борасида ўтган жамоатчилик тергови якунланган.

Бир йилдан кўп вақт давом этган текширув асосида 1400 саҳифалик ҳисобот тайёрланган, бу ҳисоботнинг асосий хулосаси - Ироқнинг Басра шаҳрида калтакланиб ўлдирилган Баха Мусонинг ўлими Британия армиясидаги "интизомнинг жиддий бузилиши" оқибатида рўй берган.

Комиссия ҳисоботида айтилишича, Британия ҳарбийларининг бундай шафқатсиз муомала қилишларига Баха Мусо уч Британ ҳарбий полиция ходимининг ўлимига алоқадор деган асосланмаган миш-миш сабаб бўлган.

Икки фарзанднинг отаси Баха Мусо ва яна тўққиз киши у ишлаган меҳмонхонада қурол-яроғ ва сохта ҳужжатлар топилганидан кейин ҳибсга олинган ва икки кундан кейин вафот этган.

Унинг танасида 93 жароҳат изи топилган.

Капрал Доналд Пейн Баха Мусонинг ўлимидан сал олдин уни муштлаган ва эҳтимолки тепган, унга қарши хавфли усул қўллаган, дейилади Британия Аппеляцион маҳкамасининг собиқ ҳаками Сэр Уилям Гейдж раҳбарлик қилган комиссия ҳисоботида.

Баха Муса ўлими юзасидан Британия полицияси тергов ўтказган ва 2007 йилда бўлиб ўтган маҳкамада капрал Донал Пейн ҳибсдаги шахсга ноинсоний муомала қилганини бўйнига олган.

Маҳкама капрал Пейнни бир йилга озодликдан маҳрум этган, у армиядан ҳайдалган.

Комиссия Баха Мусо ўлимини текшириш пайтида қарийб 350 гувоҳни сўроқ қилган ва капрал Пейндан ташқари катта сондаги Британ ҳарбийлари ҳибсдагиларга шафқатсиз муносабат қилганлар.

Бу усулларни комиссия ўзининг ҳисоботида "асоссиз ва шафқатсиз зўравонликларнинг даҳшатли каталоги" дея таъриф беради, калтаклаш, тепиш ва бўғишдан ташқари ҳибсга олинганларнинг бошига қоп кийгизиш, овқат ва сув бермаслик, иссиқ жойда узоқ вақт танага оғриқ берадиган алфозда туришга мажбурлаш усуллари тилга олинади.

Комиссия аскарларнинг раҳбарлари бўлган зобитларни ҳам юз бераётган зўравонликларни билиб туриб, бунга қарши чора кўрмаганликда айблаган.

Британия Мудофаа вазирлиги Баха Мусо ўлимига сабабчи бўлган ҳаракатлар "шармандали ва кечириб бўлмас" ҳаркатлар бўлганини тан олган, жамоат комиссиясининг ушбу ҳисоботи тавсияларига диққат билан қулоқ солишга ваъда берган.