Афғон маҳаллий полицияси ва қуролли гуруҳлари 'инсон ҳуқуқларини топташмоқда'

Арбаки кучлар Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 102 саҳифалик ҳужжатда инсон ҳуқуқларини топташ ҳоллари Қундуз, Бағлон, Ҳирот ва Урузгон каби вилоятларда кузатилгани айтилади

Ҳюман Райтс Вотч ташкилот чиқарган янги ҳисоботда Афғонистондаги ҳукумат дастагига эга қуролли гуруҳлар ёки "арбаки кучлар" ҳамда янги маҳаллий полиция хизмати айрим бўлимлари инсон ҳақлари топташ билан боғлиқ жиддий жиноятларга қўл ураётганлари айтилади.

Ҳисоботга кўра, қотиллик, жинсий зўрлаш, асоссиз қамаш, одам ўғирлаш ва ерларни мажбуран тортиб олиш каби жиноятлар содир этилгани хусусида етарли ҳужжатлар ва далиллар тўпланган.

Инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳисоботида айтилишича, Афғонистон ҳукумати ва Қўшма Штатлар номақбул қуролли гуруҳлар билан алоқаларини узиши ва рисоладагидек тайёрловдан ўтган, ҳартомонлама мукаммал хавфсизлик кучларини ташкил этиш учун зарурий қадамларни ташлаши керак.

102 саҳифалик ҳужжатда инсон ҳуқуқларини топташ ҳоллари Қундуз, Бағлон, Ҳирот ва Урузгон каби вилоятларда кузатилгани айтилади.

Ҳюман Райтс Вотчнинг таъкидлашича, Афғонистон ҳукумати ушбу қуролли гуруҳларни жавобгарликка тортишни уддасидан чиқолмаётир.

Ҳисоботда инсон ҳуқуқларига зид амалларнинг давом этиши Толибон ва бошқа мухолиф гуруҳларга дастакнинг кучайишига етаклаши мумкинлигидан огоҳлантирилади.

НАТО айбловларни ўрганиш учун ҳукумат билан бирга ишлаётганини билдирган.

"Афғон Маҳаллий полиция хизмати дастури бошқарувни йўлга қўйиш ва афғонлар тинчлигини таъминлаш ҳаракатлари ўта муҳим қисмидир", деб айтган НАТО воизи. "Биз дастурни яхшироқ йўлга қўйиш ва ушбу ҳолларни тузатиш учун астойдил ишлашда давом этамиз", дейди у.