Муаммар Қаддофийнинг ўғли Нигерда бошпана олди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Саади Қаддофий аввалроқ жангларга барҳам бериш учун музокаралар таклиф этган,аммо ҳеч қандай натижа чиқмаган.

Ливиянинг қочувдаги раҳбари Қаддофийнинг ўғилларидан бири қўшни Нигерда бошпана олган.

Нигер Адлия Вазири Мароу Амадуга кўра, Саади Қаддофийга сиёсий бошпана инсонпарварлик тамойилларидан келиб чиқиб берилган.

Муаамар Қаддофийнинг ўзи қаерда экани номаълум.

У ўлгунича Ливияда қолишини айтган.

Аксил-Қаддофий кучлар ҳозирда пойтахт Триполи дохил, мамлакатнинг катта қисмини назорат қилмоқда.

Қаддофий тарафдорлари эса Сирт ва Бани Валид сингари бир неча шаҳарларни ушлаб турибди.

Якшанба куни Қаддофийга қарши кучлар Триполидан 180 чақирим узоқликдаги Бани Валид шаҳрига ҳужумни давом эттирган.

НАТО уларни ҳаводан қўллаб-қувватламоқда.

Ливиянинг янги расмийлари ҳозирда уларнинг кучлари шаҳар марказига яқинлашаётганини айтишган.

Улар шунингдек, Қаддофийнинг она шаҳри бўлган Ўрта Ер денгизи бўйидаги Сиртга томон илгарилаб боришмоқда.

Саади Қаддофий собиқ футболчи ва бир муддат Италия жамоасида тўп сурган.

У Ливия миллий жамоаси сардори ва мамлакат Футбол Федерацияси раиси бўлган.

Футболдан истеъфога чиқиши ортидан кино саноатига қизиққан ва кинога 100 миллион доллар сармоя киритгани айтилади.

Саади Қаддофий аввалроқ жангларга барҳам бериш учун музокаралар таклиф этган,аммо ҳеч қандай натижа чиқмаган.

Қаддофий оиласининг бошқа бир қатор аъзолари Жазойирга қочиб ўтганлар.

Ўтган ҳафта Интерпол Ливиянинг қочувдаги раҳбарига қидирув эълон қилган.

Гагадаги Халқаро Жиноят Маҳкамаси Қаддофий ва унинг ўғли Саиф-ал Исломни инсониятга қарши жиноятларда айблайди.