Сўнгги янгиланиш 13 сентябр 2011 - 13:49 GMT

Афғонистон: Пойтахт Кобул қатор портлашлару отишмаларга саҳна бўлди

Афғонистон пойтахти Кобул марказидаги АҚШ элчихонаси ва Натонинг ISAF кучлари қароргоҳи Толибоннинг ҳужумлари остида қолиб кетган.

Сатҳда қатор портлашлар юз берган, отишмалар садоси қулоққа чалинган.

Кобул ғарбидаги худкушлик ҳужумида камида бир киши қурбон бўлган.

Исёнкорларнинг ҳудудда ҳали қурилиши битмаган бинодан туриб, ўз ҳужумларини уюштирганликлари айтилмоқда.

Бундан бир неча ҳафта бурун Кобулдаги Британия Кенгашига ҳужум қилинган ва ўндан ортиқ киши қурбон бўлганди.

Ўша ҳодисага масъулиятни ҳам Толибон ўз зиммасига олганди.

Сўнгги ҳужумларга муносабат билдираркан, Нато Бош котиби Толибон Афғонистон хавфсизлиги учун масъулиятни маҳаллий кучларга топшириш режаларини чиппакка чиқармоқчи бўлгани, аммо бунга эришолмаслигини айтди.

Мувофиқлаштирилган ҳужумлар

"Бугун маҳаллий вақт билан соат 13:00 дан бошлаб пойтахт Кобулнинг "Абдул Ҳақ" майдони яқинидаги маҳаллий ва хорижий жосуслик хизматлари биноларига қарши йирик худкушлик ҳужумлари уюштрилмоқда", деб баён қилган Толибон сўзчиси.

Кобулдаги мухбиримиз Квентин Соммервил ҳам ҳужумларнинг бир нечта худкуш ҳужумчи иштирокида мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилаётганини айтади.

Мухбиримизга кўра, қатор ҳужумчилар сатҳга қараб турган ва ҳали қурилиши битмаган бинода жойлашиб олиб, ўз ҳужумларини мувофиқлаштиришмоқда ва афғон кучлари билан отишмага киришиб кетишган.

У АҚШ элчихонаси гранатомёт ҳужумидан шикаст кўрмади ва ҳозир бино атрофидаги кўчалар маҳаллий хавфсизлик кучлари томонидан тўсиб қўйилган, дейди.

Мухбиримизнинг айтишича, АҚШ денгиз пиёда қўшинлари элчихона биноси томига чиқиб, вазият ва ўз ҳимояларининг қанчалик мустаҳкамлигини текширишмоқда.

Ўзларининг енгил қуроллар ва гранатомётлар билан ҳужумга тутилганликларини тасдиқлаган АҚШ элчилиги ходимларининг барчаси соғ-омон эканини билдирган.

Нато қўл остидаги Халқаро Тинчликни Сақлаш кучлари (ISAF) нинг қароргоҳи ҳам ҳужумга тутилган.

Ташкилот баёнотида айтилишича, кичик сондаги бир гуруҳ исёнкорларнинг ҳужуми маҳаллий вақт билан соат 1:30 да бошланган.

Улар енгил қуроллар ва гранатомётлар билан қуролланишганди. Аммо афғон миллий хавфсизлик кучлари ва хорижий иттифоқ қўшинлари уларга зудлик билан қаршилик кўрсатишди. Иттифоқ кучлари ҳаводан туриб ҳам мадад беришди. Жорий пайтда орамизда талофатлар йўқ, деб айтилади ISAF баёнотида.

Дастлабки хабарларга кўра, ҳужумлар камида тўрт худкуш ҳужумчи иштирокида кечган. Улардан бирининг ўзини таксида портлатиб юборгани айтилади.

Ҳозирча жаъми талофатларга оид аниқ рақамлар йўқ.

Ҳужумлар кечаётган сатҳда АҚШ ва бошқа хорижий давлатлар элчихоналаридан ташқари, кўплаб вазирлик бинолари ва президент саройи ҳам жойлашган.

Жорий йил Толибон тузуми қулатилган ўтган 10 йил бадалида Афғонистонда энг қонлиси бўлган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.