Болливуд афсонаси Амитабх Баччан Ҳолливудга текинга кинога тушиб бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Аён бўлишича, Болливуд афсонаси Амитабх Баччан ўзининг Ҳолливуддаги илк дебюти учун бир тийин ҳам олмасликка қарор қилибди.

У Ҳолливуд юлдузларидан Леонардо ди Каприо бош ролни ижро этажак "Буюк Гэтсби" бадиий фильмининг янгича талқинида суратга тушмоқда.

Бутунбошли фильмда бор-йўғи бир бор кўриниш берсам, шунга ҳам ҳақ олиб ўтираманми, дебди Амитабх Баччан.

Ўзининг Ҳолливуддаги илк фильмида Болливуд юлдузи яҳудий Мейер Вольфсхайм ролини ижро этади.

Фильм америкалик таниқли ёзувчи Скотт Фицжералднинг "Буюк Гэтсби" романи асосида суратга олинмоқда.

126 миллион АҚШ долларига тушиши айтилаётган фильмга австралиялик Баз Лурман режиссёрлик қилаётир.

Жорий пайтда Австралияда тасвирга олиш ишлари ҳам бошланиб кетган.

68 ёшли жаноб Баччан фильмдаги иштироки режиссёр Баз Лурманга "дўстона эҳсон" эканини билдирган.

Болливуд юлдузи Австралияга бориб, фильм сценарийси билан танишган ва либосларини ҳам кийиб кўрган.

Фильмда Буюк Депрессиядан аввал 1920 йилларда Америкада кузатилган "олтин" аср давридаги олий табақанинг ҳаёти акс этган.

Беҳад мамнунлик

Фото муаллифлик ҳуқуқи PR Agency

Режиссёр Баз Лурман, "Амитабх Баччан каби жаҳон киноси афсонаси ўз фильмида суратга тушаётганидан беҳад мамнун" эканини баён қилган.

"Амитабх иштирокидаги фильмлар ўзим ва фаолиятимга жуда кучли таъсир қилган. Унинг "Қасос ва қонун" фильмидан эса, ҳинд кинематографияси билан илк танишувим бошланган", дейди Баз Лурман.

Режиссёр ҳинд киносига бўлган ҳавасини ҳеч қачон яширмаган ва ўзининг "Мулен Руж" мюзиклида машҳур Болливуд қўшиқларидан бирини ҳам ишлатганди.

Ёши етмишларни қоралаб қолганига қарамай, Амитабх Баччан эса, ҳали ҳам Болливуд саҳнасини тарк этиш хаёлида эмас.

Дейлик, шу йилнинг январ ойида унинг иштирокидаги "Учта карта" фильми экран юзини кўрди.

Амитабх Баччан неча ўн йилларки ҳинд киносининг энг машҳур актёри сифатида қолмоқда ва 1999 йилда Би-би-си томонидан ўтказилган сўровда мингйилликнинг энг таниқли кино юлдузи, деб топилганди.

"Буюк Гетсби" романи шу пайтгача тўрт бор суратга олинган бўлса, уларнинг ичида энг машҳури Роберт Редфорд ва Мии Фэрроу иштирокида 1974 йилда суратга олингани бўлган.