Хитой: Канализацион қувурлардан ёғ олиб, сотганлар ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Хитой полицияси айрим ҳолларда ресторанларнинг канализацион қувурларидаги ёғларни йиғиб, қайта ишлаганлик гумони билан ўттиздан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Масъулларнинг айтишларича, ҳибслар мамлакатнинг 14 вилоятида олиб борилган кенг кўламли рейдлар ортидан амалга оширилган.

Бу - одамларнинг Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ишончларини йўқотишларига сабаб бўлаётган биринчи воқеилик эмас.

Сўнгги йилларда Хитойда "йиғма ёғ", деган атама кенг истеъмолга кириб келган.

Бундай атама ноқонуний йўллар билан ишлаб чиқарилган ёғларга нисбатан қўлланилади.

Бутун мамлакат бўйлаб йўлга қўйилаётган махсус амалиётларга қарамай, Хитой бу каби ҳолларнинг олдини олишга муваффақ бўлмаяпти.

Масъулларга кўра, бу гал ўндан ортиқ вилоятда ноқонуний ёғ ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи жиноий тармоқни фош этишган. Олтита махфий корхонани аниқлашган.

Бу каби йўл билан ишлаб чиқарилган айрим ёғ турлари эса, инсонларда саратон хасталигини ҳам чақириши мумкин.

Дейлик, ишлатиб бўлинган ёғдан ёқилғи тайёрлаши лозим бўлган бир ширкат уни тоза ёғ сифатида сотувга чиқарган.

Ўтган яқин йиллар ичида Хитойда ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ талайгина можаролар кузатилди.

Бир ёқдан оқартирилган қўзиқоринлар, бошқа томондан молникига ўхшатиб ишланган чўчқа гўшти, яна кимёвий моддалар солинган болалар сут кукуни...

Озиқ-овқатларнинг сифати Хитойдаги кўпчиликнинг бошини шиширган, чўнтаги бақувватлари эса, ҳозир чет элларда ишланган маҳсулотларга ўтиб олишган.