'Ливияда муътадил Исломга асосланган давлат барпо этилади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ливия Миллий Ўтиш Кенгаши раҳбари Мустафо Абдул Жалил "муътадил Ислом"га асосланган замонавий демократик давлат қуриш режасида эканликларини баён қилган.

Жаноб Жалил бу ҳақда полковник Муаммар Қаддофий тузуми қулаши ортидан қилган илк чиқишида билдирган.

Янги номланган "Шаҳидлар" майдонида унинг сўзларини байроқ кўтариб олган минглаб тарафдорлари олқишлар билан қарши олишган.

Аввалроқ полковник Қаддофий ўзининг телевизион мурожаатида "сўнггига қадар кураш олиб бориши"ни ваъда қилганди.

69 ёшли Ливия раҳбарининг қаерда экани маълум эмас.

"Биз қонун устиворлиги, ижтимоий ҳимоя тизими ва давлатчиликни ўрнатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Буларнинг ҳаммасида Ислом қонунчиликнинг асосий манбаи бўлади", деб айтди Мустафо Абдул Жалил.

Унинг сўзлари Ливиянинг Исломий давлатга айланишини англатадими? Нато кучлари Муаммар Қаддофий ҳукуматига қарши амалиётларни бошлаган вақтлари эришмоқчи бўлган мақсадлари шу эдими?

Ливия Миллий Ўтиш кенгашининг БМТ қошидаги вакили Иброҳим Даббаший, ҳатто, Қаддофий даврида ҳам мамлакатдаги кўпгина қонунлар Ислом дини асосида ишлаб чиқилгани, Мустафо Абдул Жалилнинг сўзлари мамлакат бирданига Шариат қонунларига ўтиши ва ўтмишдагидан катта фарқ қилишини англатмайди, дейди.

Иброҳим Даббашийга кўра, бу ҳолат кўплаб араб давлатлари конституцияларида акс топган.

"Бу ҳолат замонавий қонунчилик ва Исломий қоидалар ўртасидаги мувозанатни англатади. Мустафо Абдул Жалил ҳам худди ана шу нарсани таъкидлаб ўтди, яъни Ливия мўътадил Исломий давлат эканлигини айтиб ўтди. Шунинг учун биз Ливияда радикал исломий қонун-қоидалар ўрнатилиши эҳтимолидан хавотирда эмасмиз", деди у.

Лекин, кўринишича, баъзи Ғарб давлатлари учун Мустафо Абдул Жалилнинг сўзлари кутилмаган ҳол бўлган.

Вашингтондаги Америка университетида Ливия масалалари бўйича мутахассис Мари Жейн Дииб бунга айни мазмундаги баёнотнинг ҳозир қилинаётгани сабаб, дейди.

"Чунки Ливияда ҳозирча аниқ бир ҳукумат йўқ. Лекин унинг сўзлари у қадар ҳам янгилик эмас. Чунки Мустафо Абдул Жалил Шариат мамлакатнинг асосий қонунчилиги бўлади, деб айтаётгани йўқ, Шариат қонунчилик манбаи бўлади деб айтди. Фарқ ана шунда", дейди америкалик мутахассис.

Ҳозир Ливиянинг аксарият қисми аксилқаддофий кучларнинг назорати остида.

Аммо полковник Муаммар Қаддофийнинг она шаҳри бўлмиш Сирт ва Бани Валид исёнкорларга кескин қаршилик кўрсатмоқда.