Қаддофийнинг ўғли Саъдий Нигер пойтахтида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Саъдий Қаддофийнинг Нигер пойтахтига келганлиги тасдиқланди.

Нигер расмийларининг маълум қилишларича, полковник Қаддофийнинг ўғли Саъдий пойтахт Ниамейга етиб келган.

Нигер расмийларига кўра, Саъдий Қаддофий ўтган ҳафта охирида Нигер билан чегарани кесиб ўтган ва ҳозирда пойтахтда бошпана берилган.

Полковник Қаддофийнинг ўзи қаерда эканлиги ҳануз номаълум.

Айтилишича, Саъдий Қаддофийни Нигер шимолидаги шаҳардан пойтахтга ҳарбий учоқда олиб келганлар.

Шу вақтгача Нигерга ҳаммаси бўлиб Муаммар Қаддофийга яқин бўлган 32 шахс, жумладан уч генерал қочиб ўтишган.

Хабарларга кўра, генераллар сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилганлар, аммо Саъдий Қаддофий бошпана сўраганлиги номаълум.

Нигер Адлия вазири бошпана сўраганлар аризаси қониқтириладими ёда йўқми айтмади, аммо уларнинг Ливияга қайтариб юборилиши эҳтимолини рад этди.

"Уларни инсонпарварлик асосида қабул қилиб олдик. Биз уларнинг бу ерга келишларини сўрамаганмиз. Агарда кимдир уруш ҳаракатларидан қочиб келса, уларни ҳайдаб юбориш мумкин эмас", деди Нигер вазири.

Нигер Ливия Ўтиш Кенгашини расмий ҳукумат сифатида тан олган.

Саъдий Қаддофий ўтмишда футболчи бўлган. Қисқа муддат Италия жамоларидан бирида ҳам тўп сурган.

Футболдан кетганидан сўнг филм саноатида ишлаган.

Муаммар Қаддофийнинг турмуш ўртоғи, икки ўғли ва қизи ўтган ой охирларида Жазоирга қочиб ўтгандилар. Ливиядан Тунисга, Миср, Чад ва Суданга олиб борувчи йўллар исёнчилар назорати остида бўлганлиги сабабли ҳозирча Нигер Қаддофий тарафдорлари қочиб ўтиши мумкин бўлган ягона йўналиш бўлиб қолган.

Қаддофийчилар шу вақтгача Ўрта ер денгизи соҳилидаги Сирт, мамлакат жанубидаги Сабҳа ва пойтахтдан жануби-шарқда жойлашган Бен Валид шаҳарчаларини ушлаб турибдилар.

Исёнчи кучлар Бин Валид шаҳрининг шимолий қисмини ишғол қилганлари, аммо янада илгари силжишга ҳаракат қилаётганликларини билдиришган.